12:00 / 29.04.2021
13731
Туркманистонда «президент имижи»ни бузмаслик учун навбатда туриш тақиқланди

Туркманобод шаҳрида озиқ-овқат сотиб олиш учун тўрт кишигача навбатда туришга рухсат берилди. Туркманбоши ўғлининг таъкидлашича, узунқатор навбатлар ота-президентнинг имижини бузмоқда.

Туркманистон президентининг ўғли ва мамлакат бош вазирининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов савдо вазиридан президентнинг обрўйига путур етказмаслик учун дўконлар олдида навбатларни тақиқлашни талаб қилган.

«Сердар Бердимуҳамедов савдо вазиридан бирор бир фуқаро дўконларнинг атрофида ёки унинг олдида йиғилмаслигини талаб қилди. Чунки оломон ота-президентнинг обрўйига путур етказмоқда», — дея хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

Янги тартибга кўра, фуқаролар дўконларда рўйхатдан ўтишлари ва озиқ-овқат сотиб олишлари учун қўнғироқни кутишлари керак. Туркманободда тўрт кишигача навбатда туришга рухсат берилган.

«Полиция ходимлари дўконларнинг олдида тўрт кишидан кўпроқ одамнинг навбатда туришига рухсат бермаяпти. Бундан ташқари, товарлар дўконнинг асосий кириш қисмидан эмас, балки орқа эшик орқали сотилмоқда. Кимдир норозилик билдирса, полиция ҳатто қамаб қўйиш билан таҳдид қилмоқда», деб таъкидлаган туркманободликлардан бири маҳаллий оммавий ахборот воситаларига.

Худди шундай тақиқ аввал Туркманистон пойтахти Ашхободда ҳам жорий қилинган эди. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Ашхобод аҳолиси тақиқни эътиборсиз қолдиргани учун полиция аҳолининг бир қанчасини ҳибсга олган.

Маълумот учун, Туркманистонда озиқ-овқат инқирози қаторасига тўртинчи йил давом этмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг қимматлиги одамларни эрталаб 6 дан 8 гача имтиёзли шартларда сотиладиган маҳсулотларини харид қилишга ундаган. Аммо Туркманистон ҳукумати мамлакатда озиқ-овқат инқирози мавжудлигини тан олмай келмоқда.

Top