11:34 / 30.04.2021
5676
Ўзбекистонда нархларнинг кескин ошиб кетиши ташқи бозорлардаги нархлар билан изоҳланди

Бугун, 30 апрел куни “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида “Республика аҳолисини ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. 

Қизиғи, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирга оммавий ахборот воситалари, хусусан, мустақил электрон нашрлар журналистлари деярли таклиф этилмади. 

Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси таркибига кирувчи телеканаллар журналистлари қатнашган тадбирдан ташлаб берилган пресс-релизда айтилишича, бугунги кунда айрим турдаги ижтимоий муҳим истеъмол маҳсулотлари нархлари ошиши кузатилмоқда. Нархларнинг кескин ошиб кетиши ташқи бозорларда нархлар шаклланиши билан изоҳланган.

“Нархларнинг кескин ошиб кетиши, биринчи навбатда ташқи бозорларда нархлар шаклланиши билан изоҳланади. Хусусан, Жаҳонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг пасайиш тенденцияси 2020 йил май ойидан бошлаб ўсиш тенденциясига ўзгарди ва ҳозирга қадар сақланиб қолмоқда. Бу ҳолат, 2020 йил март–апрель ойларида дунё бўйлаб глобал пандемиянинг тарқалишини кескин ошиши билан бир вақтда содир бўлди. 

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган буғдой, ўсимлик ёғи, шакар, гўшт ва картошка маҳсулотлари бўйича республика ички истеъмол талабини маҳаллий ресурслар ҳисобидан таъминлаш имконияти чеклангани сабабли, мазкур маҳсулотлар нархи ташқи бозор конъюнктурасидаги ўзгаришларга боғлиқ ҳолда шаклланмоқда. Ушбу маҳсулотларга жаҳон бозоридаги талаб ва таклифнинг ҳолати таҳлилига кўра, буғдой, гўшт ва гуручга бўлган талаб ва таклиф ўртасида мутаносиблик кузатилган бўлса, шакар ва кунгабоқар ёғида талаб ва таклиф ўзига хос ҳаракатланган. 

 

Хусусан, бутун дунёда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 3,4 фоизга қисқарган бўлса, импорт ҳажми 6,9 фоизга ошган, кунгабоқар ёғида ишлаб чиқариш ҳажми – 9,4 фоизга, импорт ҳажми эса – 15,6 фоизга қисқарган”, дейилади матбуот учун хабарномада.

2021 йилнинг январ–март ойларида республикада инфляция даражаси 2,5 фоизни (2020 йилнинг мос даврида -2,8 фоиз) ташкил этиб, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари 3,1 фоизга, хусусан гўшт маҳсулотлари – 1,9 фоиз (жумладан, парранда гўшти -7,3 фоиз), картошка – 4,8 фоиз, шакар – 5,0 фоиз, ёғ маҳсулотлари 4,7 фоизга ошгани кузатилди.  

Республикада шакар маҳсулоти тўлалигича импорт хомашёси асосида ишлаб чиқарилаётгани айтилади. Шу сабабли, мазкур маҳсулотнинг ички бозордаги нархлари ташқи бозор конъюнктурасидаги ўзгаришларга боғлиқ ҳолда ўзгаришлар кузатилаётгани билдирилган.

Ўтган йилнинг декабр ойида шакарнинг ўртача нархи 7 025 сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг январ ойида 7 921 сўмгача, бугунги кунда эса 8 123 сўмгача ошгани кузатилмоқда. 

Мамлакат истеъмол бозорида ўсимлик ёғига бўлган ўртача йиллик эҳтиёжининг (460 минг тонна) ўртача 50 фоиз қисми импорт ҳисобидан қопланиши маълум қилинган.

Мамлакатда кунгабоқар ёғи нархи ўтган бир йил давомида ўртача 38 фоизга қимматлашган.

Ички бозорда жорий йил бошида 1 кг картошканинг ўртача нархи 4 247 сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, унинг нархи 3 000 сўмдан 5 500 сўмгача бўлган оралиқда тебранмоқда.

Ўтган йилларда ички бозорда гўшт нархидаги тенденцияларни инобатга олган ҳолда жорий йилда нарх барқарорлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилган. 

2020 йилда гўшт импорти ҳажми 56,1 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 марта ошган бўлса, жорий йилнинг 25 апрел ҳолатига 23,7 минг тонна гўшт (жумладан, 8,1 минг тонна мол гўшти, 15 минг тонна парранда гўшти) импорт қилиниб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 марта ўсган. 

Top