16:09 / 07.05.2021
7419
Олмалиқ кон-металлургия комбинати апрель ойида 113 млн 607 минг долларлик маҳсулот экспорт қилди

Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ўтган апрель ойида юқори меҳнат самарадорлигига эришилиши баробарида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортида ҳам салмоқли натижалар қайд этилди.

ОКМК Металлургия хомашёси билан таъминлаш ва сотиш бошқармасининг маълумотига кўра, апрель ойида 8948 тонна мис маҳсулотлари экспорти амалга оширилган. Январь-апрель ҳолатига кўра 31 455 тонна мис маҳсулоти экспорт қилинган ҳолда ўсиш суръати 103 фоизни ташкил этмоқда.

Ўтган ойда шунингдек, импортёрларга 7180 тонна мис катоди(режа 102,6 фоиз), 1366 тонна мис катанкаси(режа 341,5 фоиз), 403 тонна(134,3 фоиз) мис қувурлари юборилган.

Жаҳон бозорида талабгир ҳисобланган рух металли экспорти борасида режавий вазифа 139,8 фоизга уддаланиб, 6989 тонна рух хорижий харидорларга жўнатилган.

Апрель ойи учун 800 тонна мис купороси экспорти режалаштирилган бўлиб, амалда 1289 тонна маҳсулот импортёрларга етказиб берилган ҳолда режа 161,2 фоизга уддаланган.

Яна бир салмоқли натижа сульфат кислотаси экспортида кузатилмоқда. 8395 тонна ушбу маҳсулот хорижий ҳамкорларга юборилиб, режа 322,9 фоизга уддаланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, 8360 тонна қўрғошин концентрати экспорт қилинган ҳолда 57 фоизлик ўсиш суръати кузатилган.

Апрель ойида ҳам режавий вазифани юқори кўрсаткичларда ошиғи билан бажариш ҳолати молибден маҳсулотлари экспортида кузатилмоқда. Башорат кўрсаткичи бўйича ўтган ойда 60 тонна ушбу металл харидорларга етказиб берилиши керак эди. Амалда 69 тонна молбиден маҳсулотлари экспорт қилиниб, режа 115 фоизга уддаланган.

Шунингдек, рений, рух купороси, кадмий, вольфрам, палладий каби маҳсулотлар экспортида ҳам белгиланган натижага эришилган.

Қурилишда муҳим саналган цемент экспортида ҳам салмоқли натижага эришилган. Хусусан, 1088 тонна портландцемент экспорт қилиниб, 146,8 фоизлик ўсиш суръати кузатилган. 22092 тонна цемент импортёрларга еткзиб берилган ҳолда, ўсиш суръати 101,1 фоиз бўлган.

2021 йилнинг апрель ойида 113 млн 607 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, режа 157,4 фоизга бажарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 2021 йил январь-апрель ҳолати бўйича 344 млн 555 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, режа 160,8 фоизга уддаланган. Ўсиш суръати эса 154,6 фоиз.

Эслатиб ўтамиз, комбинат маҳсулотлари экспорти географияси Туркия, Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Болгария, Озарбойжон, Қирғизистон, Украина, Польша, Тожикистон, Индонезия, Нидерландия, Хитой, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларни қамраб олган.

Шунингдек, ОКМК Металлургия хомашёси билан таъминлаш ва сотиш бошқармаси бошлиғи Азиз Зокировнинг таъкидлашича ҳозирда жумладан, Қатар, Австралия каби давлатларга ҳам маҳсулот экспорти амалга оширилган. Дубай ва Жанубий Европа ҳудудига чиқиш мўлжалланмоқда.

Давлат активлари бошқариш агентлиги маълумотига кўра Олмалиқ кон металлургия комбинати 2020 йилдаги мураккаб пандемия шароитига қарамай энг кўп фойда олган корхона сифатида эътироф этилди

ОКМК Ахборот хизмати

Top