09:59 / 12.05.2021
3495
Президент: «Иккинчи чоракда 75 триллион сўмлик инвестицияларни амалга ошириш зарур»

Президент Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда.

“Иқтисодий ўсиш учун, энг аввало, асосий энергоресурслар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш лозим. Масалан, биринчи чоракда табиий газ қазиб чиқариш 1,7 фоизга камайгани таъсирида, 600 минг тонна цемент, 55 минг тонна минерал ўғитлар, 330 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмлари таъминланмаган.

Энергетика вазирлиги иккинчи чоракда биринчи чоракдаги қолоқликни бартараф қилиб, 9 миллиард куб метр табиий ҳамда 165 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни сўзсиз таъминласин.

Саноат тармоқлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли эҳтиёжларини тўла қондириш учун иккинчи чоракда жами 15,5 миллиард киловатт электр ишлаб чиқариш зарур.

Иккинчи чоракда саноатнинг ёқилғи-энергетикадан ташқари, бошқа тармоқларида жами 95 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, биринчи ярим йил якуни билан саноатнинг 7 фоизга ўсишини таъминлаш бўйича барча имкониятларни сафарбар этиш зарур.

Электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, фармацевтика каби маҳаллий саноат тармоқларида биринчи ярим йил якуни билан камида 20-25 фоиз ўсишни таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солиш лозим.

Яна бир масала – қабул қилинган дастурга кўра, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ўздонмаҳсулот”, “Агросервис”, “Агролизинг” корхоналарида трансформация жараёнлари суст кетмоқда.

Шунинг учун, икки ҳафта муддатда таклифлар тайёрлаб, бош вазир ҳузурида тақдимот қилинсин ва натижаси бўйича ахборот берилсин. Иккинчи чоракда 75 триллион сўмлик инвестицияларни амалга ошириш зарур.

Шундан, тўғридан тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар – 1,7 миллиард доллар, халқаро молия ташкилотлари маблағлари – 1,1 миллиард доллар, бюджет маблағлари – 8 триллион сўм, банк кредитлари – 13 триллион сўм”, дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top