15:13 / 13.05.2021
1174
Бухорода тракторга бориб урилган машина ҳайдовчиси вафот этди

Бухоро вилояти Когон туманида ўзидан олдинда кетаётган машинани қувиб ўтмоқчи бўлган «Нексия» ҳайдовчиси рўпарадан келаётган тракторга бориб урилган. Оқибатда у касалхонада вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 8 май куни соат 15:20 ларда давлат аҳамиятидаги 4Р65 автомобиль йўлининг Когон тумани Сиёзпоён маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 39-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Когон туманининг Сиёзпоён маҳалласида яшовчи «Нексия» ҳайдовчиси ўзидан олдинда ҳаракатланиб бораётган машинани қувиб ўтиш учун қарама-қарши йўналишга чиққан. Шу пайтда ўз йўлидан ҳаракатланиб келаётган Т28 тракторининг олд томонига бориб урилган. Оқибатда ҳайдовчи оғир тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган ва тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.

Когон туман ИИБ ЙҲХБ томонидан ўтказилган суриштирувда, Нексия ҳайдовчиси қувиб ўтишга чиқишдан аввал рўпарадан келаётган трактор билан бўлган оралиқ масофанинг қисқалигини инобатга олмагани аниқланган.

Top