08:11 / 18.05.2021
9964
Британия Туркияни чиқиндихонага айлантиришда айбланди  
Фото: Лента.ру

Greenpeace экологик ташкилоти Британияни Туркия ҳудудида пластикнинг ноқонуний чиқиндихонасини вужудга келтиришда айблади. Туркия кўчалари, дала майдонлари ва дарёлари бундай турдаги чиқинди билан тобора тўлиб-тошмоқда.  

Экологлар маълумотларига кўра, Британиядан Туркияга ноқонуний тарзда кенг кўламда пластик чиқиндилар олиб чиқилади. 2020 йилда Британияда қўлланган жами пластикнинг 40 фоизи ёки 210 минг тоннаси айнан Туркияга жўнатилган. Ушбу ҳажм Британиядан Туркияга 2016 йилда жўнатилган пластик чиқиндидан 18 марта кўпроқни ташкил қилади.  

Туркияга жўнатилган чиқиндининг ҳаммаси ҳам тегишли тарзда қайта ишланмайди. Шу сабабли Туркия Европада энг катта пластик чиқиндихонага айланмоқда. Greenpeace Туркиянинг жанубидаги бир нечта ҳудудни кўздан кечириб, у ерда Британиядаги дўконларда қўлланувчи пластик пакетлар ва қадоқларни аниқлаган. Чиқиндилар орасида коронавирусни аниқловчи тестнинг топилиши эса экологларнинг чиқинди бу ерга келтирилганига бир йил бўлмагани ҳақидаги тахминини тасдиқлаган.     

Британия бу айбловларга жавобан мамлакат пластикдан ифлосланишга қарши курашувчи етакчи давлат ҳисобланишини айтган. Бироқ шу билан бирга, Британия аҳоли сонига тўғри келувчи пластик чиқинди ҳажми бўйича дунёда 1-ўринни ва жами пластик чиқинди бўйича АҚШдан кейин 2-ўринни эгаллайди. 

Британия пластик чиқиндини Туркиядан ташқари, Малайзия ва Польшага энг кўп миқдорда жўнатади. Greenpeace UK’да пластмасса бўйича бош мутахассис Нина Шранк Британия ҳукуматини 2025 йилгача бир марта қўлланувчи пластик ҳажмини 2 марта қисқартиришга чақирган. 

2021 йил бошигача Хитой бутун дунёдан келтирилувчи қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича етакчи давлат ҳисобланганди. Бироқ Хитой атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги мамлакатдаги чиқиндини қайта ишловчи корхоналарнинг ҳаммаси ҳам ўз ишига виждонан ёндашмагани сабабли мамлакат экологиясига катта зарар етаётгани учун ушбу амалиётга чек қўйди. 

Top