14:42 / 22.05.2021
8984
Симеоне бу сафар уддалайдими? Ла Лига чемпионлик интригаси анонси

2003/04 мавсумда Рафа Бенитес бошчилигидаги «Валенсия» Испания чемпионига айланган ва бу мураббий учун иккинчи шундай соврин эди. Ла Лигада «Реал» ва «Барселона»дан бошқа жамоа чемпион бўлиши жуда қийин масала, бу клубларни бошқармай туриб, икки марта чемпион бўлган мураббийларнинг охиргиси айнан Бенитесдир. Гапни узоқдан олиб келганимизнинг сабаби, Диего Симеоне бугун айнан шу кўрсаткич бўйича испаниялик ҳамкасбининг натижасини такрорлаши мумкин.

Бундан етти йил олдин, «Атлетико» «Барселона» билан сўнгги турларгача рақобат олиб борган ва якунда мамлакат чемпионига айланганди. Бошқа ғалабалар бўйича ҳам, Симеоненинг кўрсаткичи кам эмас, иккита Европа Лигаси, Испания кубоги, икки марта ЕЧЛ финали – бу Бенитеснинг «Валенсия»сидан кам эмас. Симеоненинг ютуқ томони шундан иборатки, Бенитес бу натижаларга асосан бир таркиб, жамоа билан эришган, аргентиналик мутахассис эса деярли янги жамоа қуриб бўлди. Ўша 7 йил олдинги таркибдан фақат Коке қолган, мураббий умумий натижаларда катта пасайишлар кузатилмаган ҳолда мутлақо янги жамоа қуришга эришди.

Шунча гап ўз маъносида қолиши учун «Атлетико» бугун сафарда «Вальядолид» устидан ғалаба қозонса кифоя. Албатта, бу осон бўлмайди. Зеро катта босим остида «Атлетико» ўтган турда «Осасуна» устидан зўрға иродали ғалабага эришди. «Вальядолид» янада қаттиқроқ қаршилик кўрсатиши шубҳасиз, чунки биринчидан, жамоа ўз майдонида тўп суради. Иккинчидан, Сержио Гонсалес шогирдлари Ла Лигада жон сақлаб қолишлари учун бугун ғалаба учун ўйнашлари шарт. 31 очко билан 19-ўринда боришмоқда. «Вальядолид» лигада қолиши учун бугун «Атлетико»ни енгиши, «Уэска» ва «Эльче» (33 очкодан) эса мос равишда «Валенсия» ва «Атлетик»га ютқазишлари керак бўлади. Табиийки, «Уэска» ва «Эльче» ўртасида ҳам сиртқи рақобат кетмоқда, улардан камида биттаси элитани тарк этади. Демак, бу жамоалар ҳам эслаб ўтилган ўз ўйинларида ғалаба қозониш учун бор имкониятни ишга соладилар.

«Атлетико» ҳал қилувчи баҳсда асосий ҳимоячилардан бири Стефан Савичнинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Футболчи дисквалификацияга учраган. Аммо «Вальядолид» сафида йўқотишлар кўпроқ – Орельяна, Кодро, Гарсия каби жароҳатланганлардан ташқари, Алкарас ва Хименес сариқ ва қизил карточкалар туфайли сўнгги турда шерикларига ёрдам бера олишмайди.

Мавсум қаҳрамони эса уругвайлик ҳужумчи Луис Суарес бўлиши мумкин. Ўтган йилнинг ёзида «Барселона» раҳбарияти ҳужумчини жамоа учун кераксиз деб топди ва айнан мана шу қарор бу йилги Ла Лига тақдирини ҳал қилди, дейишимиз мумкин. Биринчидан, Суарес ўзининг 20 голи билан «Атлетико»га энг етишмаган жиҳат – барқарор тўпурар эҳтиёжини ёпа олди. Унинг ўтган ҳафта «Осасуна» дарвозасига сўнгги дақиқаларда урган голи балки мавсумнинг ҳал қилувчи голи сифатида қолиши мумкин. Иккинчидан, Суареснинг голлари «Барселона»га етишмади ва каталонияликларни чемпионлик пойгасидан чиқариб юборди. Лео Месси одатий 30 голини урган бўлса-да, таркибда унга ёрдамчи бўладиган ва керакли голларни урадиган шерик топилмади. «Барселона» таркибида Мессидан кейинги тўпурар – Антуан Гризманн ҳисобида атиги 12 гол бор холос. Бугун «Эйбар» меҳмони бўладиган «Барселона»да ҳатто 2-ўринга кўтарилиш учун имконият йўқ, аммо агар мағлубиятга учрайдиган бўлса, 4-ўринга ҳам тушиб кетиши мумкин. «Барселона» 2008 йилдан бери, 13 йил давомида 2-ўриндан пастга тушмай келаётганди.

Албатта, барчаси «Атлетико»нинг ўз қўлида бўлса-да, «Реал»да ҳам қаторасига иккинчи чемпионлик учун имконият етарли. «Қироллик клуби» ҳамшаҳарларидан «Реал»нинг рақиби – «Вильярреал», кучлироқ. Эмери жамоаси еврокубоклар учун баҳс олиб боряпти, биринчи даврада «Реал»дан ютқазмаган, ўтган турда «Севилья» устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Аммо шуни эътиборга олиш керакки, «Вильяреал» тўрт кун ўтиб, Европа Лигаси финалида «Манчестер Юнайтед»га қарши майдонга тушади. Финалдаги ғалаба «Вильяреал»га ўз тарихидаги илк совринни олиб келиши, бонус сифатида Чемпионлар Лигаси йўлланмасини тақдим этиши мумкин. Демак, катта эҳтимол билан Эмери асосий эътиборни келаси ҳафтадаги финалга қаратиши ва бир қатор етакчи футболчиларга дам бериши мумкин. Камида, ўйин «Реал» учун яхши бошланган паллада, вазиятни ўнглаш учун бор имкониятини ташламаслиги аниқ.

«Реал»нинг муаммолари бу мавсум учун одатий бўлган жароҳатлар билан боғлиқ. Атиги бир неча ўйинда майдонга тушган Эден Азар яна ўзини ёмон ҳис қила бошлади ва катта эҳтимол билан жамоага ёрдам бера олмайди. Шунингдек, Карвахал, Менди, Васкес ва Кроос каби футболчиларни ҳам мезбонлар таркибида кўра олмаймиз. Фақат, Серхио Рамоснинг майдонга қайтиши бўйича маълумотлар бор.

Хуллас, қўйидаги ўйинлар Ла Лигада ҳали жавоб берилмаган саволларни ҳал қилади. Чемпионлик ва лигани тарк этадиган жамоалар сони ушбу ўйинлар натижасига кўра аниқ бўлади:

Ла Лига. 38-тур. 22 май (шанба)

21:00. РЕАЛ – ВИЛЬЯРЕАЛ

ТВ-трансляция: FutbolTV

21:00. ВАЛЬЯДОЛИД – АТЛЕТИКО

ТВ-трансляция: UzReportTV

21:00. УЭСКА – ВАЛЕНСИЯ

21:00. ЭЛЬЧЕ – АТЛЕТИК

Сўнгги турнинг қолган ўйинлари:

21:00. Эйбар – Барселона

21:00. Осасуна – Реал Сосьедад

21:00. Сельта – Бетис

23 май (якшанба)

21:30. Гранада – Хетафе

00:00. Севилья – Алавес.

Top