21:33 / 28.05.2021
11195
«Реал» Алабанинг трансферини эълон қилди

«Бавария»нинг австриялик ҳимоячиси Давид Алаба «Реал»га ўтди. Футболчи билан 5 йиллик шартнома имзоланган.

Футболчи Европа чемпионатидан кейин клубнинг янги футболчиси сифатида тақдимот қилинади.

Аввалроқ Алаба ва унинг вакиллари «Реал»га трансфер амалга ошиши эвазига катта миқдорда бонус олиши хабар қилинганди. Агент Пини Захави, футболчининг отаси Жорж Алаба ва футболчининг ўзи трансферга розилик бергани учун 20 млн евро олиши айтилганди. Шу билан бирга, Алабанинг янги жамоасидаги йиллик маоши миқдори солиқлар чиқариб ташланган ҳолатда 10 млн еврога тенг бўлади.

Алаба 12 йил давомида «Бавария»да тўп сурди. У бу клубда энг кўп вақт ўйнаган хорижлик футболчи сифатида рекорд қайд этган.

Мюнхенликлар клуби у эркин агент мақомида клубни тарк этганини эълон қилган.

«Бавария» сафида Алаба 10 марта Германия чемпиони бўлган, олти марта – мамлакат Кубогини, беш марта – Суперкубокни қўлга киритган.

Шунингдек, ушбу ҳимоячи Чемпионлар лигасида, УЕФА Суперкубогида ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида икки мартадан ғолиб бўлган.

Маълумот учун, «Реал» бу ёзда икки марказий ҳимоячиси билан хайрлашиши кутилмоқда, Серхио Рамоснинг шартномаси якунланган ва томонлар янги шартномага келишгани йўқ, Рафаэль Варан эса кейинги йил эркин мақомида кетмаслиги учун бу йил сотувга қўйилиши мумкин.

Top