10:52 / 30.05.2021
6281
Фарғона вилоятида Ўзбекистонда илк бор «Оналарга эҳтиром» фестивали бўлиб ўтди — фотогалерея

Марғилон шаҳрида фестивал якунида сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ўсиб келаётган ёш авлоднинг онгида ота-онага ҳурмат, фарзандлик бурчларини адо этиш каби фазилатларни шакллантириш тадбирдан кўзланган асосий мақсад эканлигини таъкидлади.

Жаннат — оналар оёғи остида. Жамиятимизда онага эҳтиром, умуман, оналарнинг ҳаётда тутган ўрни беқиёс. Бежиз ватан ҳам онага менгзалмайди.

Фарғона вилоятида бир неча кундан буён «Оналарга эҳтиром» фестивалининг туманлардаги босқичлари ташкиллаштирилиб келинаётган эди. 29 май куни Марғилон шаҳридаги «Ижодкорлар боғи»да фестивалнинг якуний, вилоят босқичи ташкиллаштирилди ва ғолиблар аниқланди.

Боғга тўпланган минглаб онахонлар ҳамда томошабинлар Ўзбекистонда илк бор ташкиллаштирилган фестивалнинг туман босқичларида ғолиб чиққан қатнашчиларнинг кўргазмалари билан танишишди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров фестивалнинг якуний босқичи иштирокчиларини қутлаб, тадбирни ташкиллаштиришдан кўзланган мақсад улуғ зотларга бўлган юксак эҳтиромни намоён этиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг онги шуурида ота-онага ҳурмат, фарзандлик бурчларини адо этиш, уларни қадрлаш каби фазилатларни шакллантириш эканлигини таъкидлаб ўтди.

Сўз олган маданият вазири Озодбек Назарбеков, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова ҳам ўз нутқларида оналарни мадҳ этишди.

Қайд этиб ўтиш жоиз, фестивал доирасида «Энг маърифатли фарзанд онаси», «Энг яхши ҳарбийлар сулоласи онаси», «Энг яхши шифокорлар сулоласи онаси», «Энг яхши раҳбар она», «Энг яхши олима она» каби 25та номинация бўйича вилоят миқёсида ғолиб бўлган оналарга мукофотлар топширилди.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.

Top