17:04 / 31.05.2021
8941
«Ўзбекистон иқтисодиётнинг ҳозирги таркиби билан постиндустриал босқичга ўта олмайди» — Зокир Усмонов

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали илмий ходими, PhD Зокир Усмонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон иқтисодиётининг айни пайтдаги ҳолати ҳақидаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда биринчи ўринда нимага эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайсиз?

— Аввало, Ўзбекистон иқтисодий сиёсатини қайта кўриб чиқиб, иқтисодиётнинг таркибий тузилишини тубдан мураккаблаштириш, иложи борича тезроқ иқтисодиётнинг мураккаблик кўрсаткичи (Economic Complexity)ни ошириш керак.

Ўзбекистон иқтисодиёти бир гуруҳ хом ашё маҳсулотларини катта ҳажмда экспорт қилишга боғлиқ, бундай иқтисодиёт аҳолининг катта қисмини катта ҳажмдаги даромад билан қоплаб ололмайди. Мураккаблик даражасини оширмай туриб, аҳоли орасидаги тенгсизликни бартараф этиш жуда мураккаб.

Мамлакат иқтисодиётига илм-фан ва технология ютуқларининг жорий этилганлик даражаси «иқтисодий мураккаблик» (economic complexity) дея номланувчи омил билан ўлчанади. 2019 йилда эълон қилинган индексда иқтисодиётининг мураккаблик даражаси жиҳатдан Ўзбекистон 157 давлат ичида 95-ўринни эгаллаган.

Иқтисодиётнинг мураккаблик индексига кўра, мамлакат иқтисодиётига илм-фан қанчалик чуқур татбиқ этилган бўлса, даромад даражаси ҳам юқори, даромадлар тақсимланишида тенгсизлик ҳам кам бўлади. Қолаверса, саноат туфайли экология етадиган зарар миқдори камаяди.

Масалан, Японияни олайлик, иқтисодиётида мураккаблик даражаси юқори бўлгани учун, юқори даромадли маҳсулотларни катта ҳажмда ишлаб чиқаради, аҳолининг юқори даромадга эга бўлиши таъминланади ва мамлакатнинг постиндустриал ривожланиш асоси яратилади.

Ўзбекистон иқтисодиётнинг ҳозирги таркиби билан техник-технологик мустақилликни таъминлаши, постиндустриал иқтисодиётни шакллантириши, доимий равишда аҳоли турмуш даражасини ошириб бориши деярли имконсиз.

Шунингдек, иқтисодиётимизнинг қолоқлиги машинасозлик ва электротехника каби таянч соҳаларнинг ривожланмагани билан ҳам узвий боғлиқ.

— Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон иқтисодиётида мураккаблик даражасини оширишда қайси соҳа таянч тармоқ ҳисобланади?

— Фикримча, мамлакатимиз иқтисодиётининг даражасини мураккаблаштиришда асосий стратегик роль машинасозлик тармоғига тегишли. Машинасозлик тармоқлари транспорт машинасозлиги, оғир, ўрта машинасозлик, ускуналар ишлаб чиқариш, электротехника, станоксозлик тармоқлари ва ҳоказоларни ўз ичига олади.

Кўрсатиб ўтилган тармоқлар нафақат хом ашё, балки ускуналар ва станоклар мавжудлигига боғлиқ. Ўзбекистон импорти таркибининг сўнгги 20 йилдаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, импорт таркибида машина ва ускуналар улуши барқарор равишда 40 фоиз даражада сақланиб қолмоқда. Шунга қарамай, экспорт таркибида машина ва ускуналар улуши 2-3 фоиздан ошмайди.

Мамлакатимиз импорт таркиби динамикаси шуни кўрсатмоқдаки, машинасозлик маҳсулотлари импорти кескин ошиб бориш характерига эга бўлиб, бу кўрсаткич йилдан йилга ошиб боради, бундай ҳолат эса иқтисодиётнинг техник ва технологик қайта жиҳозланишига олиб келмайди.

Сўнгги 2020 йилда импорт таркибида машинасозлик маҳсулотлари ҳажми 2017 йилга нисбатан 2,5 бараварга ошган ва деярли 9 млрд долларни ташкил этган. Агарда мамлакатимизда енгил саноат, озиқ-овқат саноати, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, транспорт машинасозлиги, электротехника саноатлари интенсив ривожланаётганини ҳисобга олсак, импорт қилинаётган аксар машинасозлик маҳсулотлари мана шу тармоқларга тегишли эканини хулоса қилиш қийин эмас ва ушбу ускуналар нархининг қимматлиги юқорида келтирилган тармоқлар маҳсулотининг таннархи юқорилигига, бандликни таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

— Юқоридаги омиллар айни пайтда қандай салбий оқибатларга олиб келмоқда?

— Маълумотларни таҳлил қилиш натижаларига кўра, бир қанча салбий хулосаларга келиш мумкин. Биринчи ўринда, иқтисодиётимизнинг хом ашёга йўналтирилгани ошиб бормоқда. Бу қарамлик, айниқса, оғир саноат маҳсулотларига нисбатан экани жуда аянчли. Иқтисодиёт тармоқларини қайта қуроллантириш ва қайта жиҳозлаш суръатлари пасаймоқда, бу эса ўз навбатида меҳнат унумдорлигига таъсир кўрсатади.

Ишлаб чиқаришнинг энергоқуролланганлик даражаси ошмаяпти. Шунингдек, муҳандислик ва техник кадрлар етарли даражада тўпланиши юз бермаяпти.

Биз йилига 9 млрд доллар қийматида ускуна ва жиҳоз сотиб оламиз, тўғрими? Ушбу қиймат ичида импорт қилинаётган мамлакатларнинг қанча ички солиқлари, ишчиларнинг ойлик маошлари, божхона тўловлари ва транспорт харажатлари мавжуд. Ушбу маҳсулотлар ишлаб чиқаришини ўзимизда ташкил қилсак, бу бизга уч баравардан арзонроққа тушади.

— Бу муаммоларни ҳал қилишда қандай таклифларни илгари сура оласиз?

— Биринчидан, иқтисодий дастурларни танқидий нуқтайи назардан қайта кўриб чиқиш, иқтисодиётнинг мураккаблик даражасини қисқа муддатларда ошириш бўйича стратегия қабул қилиниши керак.

Иккинчидан, электротехника тармоғига алоҳида урғу бериш, ушбу тармоқ юқори даражадаги мультипликатив аҳамиятга эга мамлакат иқтисодий ривожланишининг локомотивига айланиши даркор.

Учинчидан, тўлақонли металлургия саноатини ривожлантириш, асосий металлар ва қотишмаларга бўлган талабни қондириш керак.

Тўртинчидан, машинасозлик тармоқларини устуворлик ва тизимли равишда ривожлантириш республикада жадал ривожланаётган тармоқларни қайта қуроллантириш ва жиҳозлаш суръатларини оширади.

Бешинчидан, иқтисодиётнинг мураккаблашуви ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотнинг таннархини пасайтириш ва унинг дунё ва минтақавий бозорларда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, макроиқтисодий кўрсаткичларга ижобий таъсир кўрсатади.

Достон Аҳроров суҳбатлашди.

Top