11:32 / 31.05.2021
12668
Тошкентда таксичиларни талон-торож қилиб келган шахс ушланди

Тошкент шаҳрида таксичиларни талон-тарож қилиб кетган шахс қўлга олинди. Айни вақтда у 15 та эпизодли жиноят ишида гумонланмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар берди

Айбланувчи, хусусий киракашлик билан шуғулланувчи шахсларнинг автомобилига йўловчи сифатида ўтириб, йўлда кетаётганда бошқа таксида уяли телефон аппаратини тушириб қолдиргани ва телефонига қўнғироқ қилиб олмоқчи эканини айтиб, ушбу автомобиль ҳайдовчисининг телефонини сўраган.

Такси ҳайдовчисининг телефонини қўлга киритгач, гўёки ўзининг телефонига қўнғироқ қилаётгандек ва телефонини қайтариб олиш учун ҳайдовчи билан учрашув жойини келишиб олгандек тутган. Шундан сўнг, ҳайдовчига бирор жойни айтиб, ўша жойда тўхтатишни сўраган ва гўёки уни телефони қолиб кетган автомашина йўлнинг нариги тарафидан келаётганини айтиб, йўлни кесиб ўтган, ҳайдовчининг чалғиганидан фойдаланиб воқеа жойидан яширинган.

Такси ҳайдовчиси томонидан берилган биринчи ариза Юнусобод тумани ИИО ФМБга 2021 йил 29 март куни келиб тушган. Сўнг икки ой давомида шу каби мурожаатларнинг яна тўрттаси туман ИИО ФМБда рўйхатдан ўтган. Ҳар бир ҳолатда жабрланувчилар жиноятчи ҳаракатланган бир хил схемани тасвирлаган.

Фақат икки ҳолатда жабрланувчилар жиноятчининг ниятини англаб, ундан телефонни қайтариб беришини сўраган. Шунинг учун мазкур ҳолат юзасидан талончилик, яъни ўзгалар мулкини очиқдан очиқ талон-торож қилиш аломатлари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Жиноятчининг ташқи кўриниши тавсифлари ҳам мос келган.

Тошкент шаҳар ИИББ тезкор қидирув ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида мазкур жиноятларни содир этишда гумонланиб, пойтахтлик 1987 йилда туғилган З. О. ушланган. Ҳозирги вақтда унга 13 та фирибгарлик ва 2 та талончилик ҳолатлари бўйича айб эълон қилинган. Айбланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Терговда мавжуд маълумотга кўра, айбланувчининг жиноий ҳаракатларидан жабр кўрган жабрланувчиларнинг ҳаммаси ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ариза билан мурожаат қилмаган. Шунинг учун, қуйида сурати кўрсатилган шахснинг қилмишидан жабр кўрганлар Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармасига +998(71) 281-90-68, +998 (97) 735-82-02 рақамлари орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз», – дейилади хабарда.

Top