00:00 / 01.06.2021
6474
Чехия бош вазири фирибгарликда гумон қилинмоқда

Чехия ҳуқуқ-тартибот идоралари прокуратурага мамлакат бош вазири Андрей Бабишга айблов билдириш юзасидан ариза берди. Бабиш Европа Иттифоқи субсидиялари билан фирибгарлик содир этишда гумон қилинмоқда.

Фото: Vit Simanek

Associated Press ахборот агентлигининг хабар беришича, Прага прокуратураси Бабишга нисбатан олиб борилган полиция тергови натижаларини олди. Унда Чехия бош вазирига Европа Иттифоқи жамғармаларидан ажратилган 2 млн доллар билан фирибгарлик содир этиш айблови билдирилган.

Таъкидланишича, аввалроқ ҳам полиция Бабишга ушбу ҳолат юзасидан айблов билдириш ҳақида ариза берган, бироқ прокуратура ишни тўхтатган. Чехия бош прокурори Павел Земан бунинг сабаби сифатида полицияда Бабишнинг айбдорлигига етарлича исбот йўқлигини айтган.

34 мингдан кўпроқ саҳифадан иборат иш Европа Иттифоқи маблағларини Бабишга тегишли Agrofert конгломератидан унинг оила аъзоларига ўтгандан кейин олган фермер хўжалигига тааллуқли ҳисобланади. Европа Иттифоқи ажратган субсидиялар кичик ва ўрта бизнесга мўлжалланган бўлган. Бироқ Agrofert бу талабларга тўғри келмаган ва шу сабабли фермер хўжалиги маблағларни олиш учун вақтинча Бабиш оиласи аъзоларига ўтказиб турилган.

Таъкидланишича, кейинроқ фермер хўжалиги яна конгломерат назоратига ўтган.

Чехия бош вазири ўзига қўйилаётган айбловларни рад этмоқда.

Top