07:59 / 02.06.2021
3349
Қандай илмий ташкилотлар давлат бюджетидан молиялаштирилиши маълум бўлди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Давлат илмий ташкилотларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштиришга ўтказиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги тизимларидаги давлат илмий ташкилотлари 2021 йил 1 июндан бошлаб базавий молиялаштиришга ўтказилади.

Ҳужжат билан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштиришга ўтказиладиган давлат илмий ташкилотлари рўйхати ва уларнинг штат бирликлари жадвали тасдиқланди.

Ушбу ташкилотларни сақлаш харажатлари 2021 йилда Инновацион ривожланиш вазирлигига давлат илмий дастурлари доирасида бажариладиган илмий лойиҳаларни молиялаштиришга ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 2022 йилдан эса улар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Базавий молиялаштириладиган давлат илмий ташкилотларида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган фундаментал ва амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳалар бўйича устама харажатлар ҳисобланмайди.

Бундан ташқари, қарорда давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган илмий ташкилотларнинг харажатлари турлари келтирилади, хусусан:

  • бошқарув ходимлари иш ҳақи;
  • мажбурий суғурта бадаллари;
  • коммунал хизматлар тўловлари;
  • телекоммуникацион, хизмат сафари харажатлари ва бошқалар.

Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.05.2021 йилдан кучга кирди.

Top