19:54 / 04.06.2021
4461
2021 йилнинг уч ойида судлар ҳокимларнинг 22та қарорини бекор қилган

Тошкент шаҳар маъмурий суди судьяси Абдусаид Ҳожиевнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг I чораги давомида судлар томонидан ҳокимлар қарорлари юзасидан 58 та иш кўриб чиқилиб, 22 та иш бўйича шикоят аризалари қаноатлантирилган.

Қайд этилишича, йилнинг дастлабки уй ойида судлар ҳокимликлар қарорларини бекор қилиш бўйича 29 та даъвони қаноатлантиришни рад этган, 3 та иш кўрмасдан қолдирилган, 4 та иш эса юритувдан тугатилган.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг 1-чораги давомида ҳокимликлар мансабдор шахсларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан судлар томонидан 48 та иш кўриб чиқилган. Шундан 15 та даъво қаноатлантирилган, 17 та аризани қаноатлантириш рад этилган, 10 таси кўрмасдан қолдирилган, 6 та иш юритувдан тугатилган.

Шунингдек, 2021 йилнинг 1-чораги давомида маҳаллий ҳокимликларга нисбатан 18 та иш юзасидан хусусий ажримлар юборилган.

“Ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарорларга тўхталадиган бўлсак, аксарият ҳолатларда қарорлар қабул қилинишида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорлар, фармонлар ва фармойишлар ижроси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, Шаҳарсозлик кодекси, Ер кодекси ҳамда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя қилинмаган ҳолда қабул қилинганлиги сабаб бўлиб келмоқда.

2006 йил 29 майда Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги 97-сонли қарор қабул қилинган бўлиб, ушбу ҳужжат билан тегишли низом тасдиқланган. Ушбу низом 2019 йил 16 ноябрда ўз кучини йўқотган. Низомнинг 2-бандига кўра, ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича амалга оширилиши белгиланган.

Бундан ташқари, “2018 йил 1 августда “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5495-сонли президент фармони қабул қилинган. Фармоннинг 2-бандида “давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши, ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши белгиланган. Бироқ судлар томонидан кўриб чиқилаётган ишлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини қабул қилишда юқоридаги ҳужжатларда кўзда тутилган нормаларга амал қилинмаётганини кўрсатмоқда”, дея Абдусаид Ҳожиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тошкент шаҳар маъмурий суди судьясининг қўшимча қилишича, 2019 йил 3 августдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги президент фармойишининг 1-қисми б-бандига кўра, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши; ер участкаларини олиб қўйишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши белгиланган.

“Фармойишга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 16 ноябрда 911-сонли қарор ҳамда компенсация бериш тартиби тўғрисида низом қабул қилинган. Қабул қилинган қарор ҳамда низом талабига кўра, кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган ҳолларда эса суд қарорида, белгиланган компенсация тўлиқ тақдим этилгандан ҳамда мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказилгандан сўнг йўл қўйилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 37-моддасига кўра, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда олиб қўйилади.

Юқорида қайд этилган қонун нормалар бузилиши, манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилмаганлиги, ер эгасининг розилиги олинмаганлиги, етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланмаганлиги, маъмурий судлар томонидан қарорларнинг ҳақиқий эмас деб топилишига асос бўлиб келмоқда”, дейди Абдусаид Ҳожиев.

2018 йил 20 апрелда қабул қилинган “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги президент фармонига кўра, фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга (кейинги ўринларда ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб юритилади) нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга мулк ҳуқуқи эътироф этилиши белгиланган.

Ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 21 июнда 461-сонли қарор ҳамда “Акция доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинган. Низомда жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун мурожаат қилиш, тақдим этилган мурожаатларни кўриб чиқиш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ёки уни рад этиш тартибга солинган.

Низомнинг 3-бобига кўра, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун тақдим этилган мурожаатларни кўриб чиқишда комиссия аъзолари томонидан тегишли хулоса ҳамда маълумотлар тўлиқ олинмаганлиги, Низомнинг 16-банди 2-чи хатбошисига кўра, мулкий низолар ҳал қилингандан сўнг ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг эгаси бир марталик акция муддати тугагунга қадар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда мулкий низо ҳал этилмасдан, қарорлар қабул қилинганлиги учрамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 38-моддасига кўра, ушбу кодекс 36-моддаси биринчи қисмининг 6 - 11-бандларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин ер участкасини берган органга ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритади.

Ер участкасини берган орган тақдимнома асосида бир ойлик муддатда уни олиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси киритади. Ер участкасини берган орган, зарур ҳолларда, ер участкасининг ҳолатини ҳамда ер эгаси ёки ердан фойдаланувчи томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг сифатини қўшимча равишда текширишни тайинлашга ҳақли.

Мазкур кодекс талабларига кўра, юқори турувчи ҳокимият ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган сифатида дастлаб аризачини огоҳлантириши, сўнг ер участкасини берган орган, яъни қуйи ҳокимиятига ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритиши лозим.

“Прокуратура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддасига кўра, қонунга зид бўлган ҳужжатга нисбатан протестни прокурор ана шу ҳужжатни қабул қилган органга ёки юқори турувчи органга келтиради. Қонуннинг 40-моддасига мувофиқ, прокурор қонун бузилиши,унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимномани қонун бузилишини бартараф этиш ваколатларига эга бўлган органга ёки мансабдор шахсга киритади. 

Прокуратура органи томонидан келтирилаётган протестларда ҳоким томонидан қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги, яъни ернинг ажратилиши билан боғлиқ ҳолат эмас, балки қарор қабул қилинганидан кейин йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилаётган бўлса-да, ҳокимлик, келтирилган протест билан бирга, ер майдони қўшимча ўрганиш давомида аниқланган ҳолатлар инобатга олиниб, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида қарорлар бекор қилинган.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасида ҳокимнинг ваколатлари, 29-моддасида ҳокимнинг прокурор протест билдирган қарорлари қайта кўриб чиқилиши мажбурийлиги кўрсатилган.

Бундай ҳолатда ҳокимликлар ер участкаси мақсадсиз фойдаланилаётгани ҳолатини аниқлаган тақдирда ҳам, протестни қаноатлантириши эмас, балки Ер кодексининг 38-моддасида назарда тутилган чораларни кўриши лозим.

Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддаси 3 -қисмига кўра, Маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишга доир у ёки бу муносабатлар махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ҳолларда ушбу қонун нормалари қўлланилиши белгиланган

Мазкур қонуннинг 5-моддасига кўра, маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари кўрсатиб ўтилган бўлиб, қонун принципларига риоя этилмаганлик,ҳокимликлар қабул қилаётган қарорларнинг суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келмоқда.

Судьянинг таъкидлашича, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 59-моддасига кўра:

  • Манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади.
  • Агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим.
  • Бироқ, тадбиркорлар томонидан маъмурий ҳужжатининг, яъни ҳоким қарорига ишониб, мазкур қарор асосида бино-иншоотларни қуриш учун катта маблағлар эвазига харажатлар сарфлаганлиги ҳолати ҳам маълум бўлмоқда.
  • Мазкур ҳолат эса тадбиркорнинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолат бўлиб, ҳоким қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи қатъиян суд тартибида кўриб чиқилиши лозим.
  • Бироқ, ҳокимликлар томонидан “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуннинг юқорида кўрсатилган талабларига риоя этилмаган ҳолда қарорлар қабул қилинганлиги оқибатида манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилмоқда.
Top