20:45 / 05.06.2021
6920
Катта еттилик давлатлари солиқ, иқлим ва тикланиш бўйича келишувга эришди

6 июн куни дунёнинг энг бой 7 давлатидан иборат «катта еттилик» мамлакатлари ҳар бир мамлакат учун 15 фоиздан кам бўлмаган глобал корпоратив солиқ жорий қилишга келишиб олди. Reuters агентлиги якуний коммюнике матнини келтирмоқда.

Фото: Stefan Rousseau/PA Wire/Pool via REUTERS

G7 мамлакатлари энг кам корпоратив солиқ бўйича ҳар бир давлат учун камида 15 фоизлик глобал корпоратив солиқни жорий этиш мажбуриятини зиммасига олиши таъкидланар экан, G20 давлатлари молия вазирлари ҳамда марказий банклари раҳбарларининг июл ойидаги учрашувида икки йўналиш бўйича келишувга эришилишига умид билдирилган.

Дунёнинг энг бой 7 давлати, шунингдек, солиқ ҳуқуқларини адолатли тақсимлаш мажбуриятини зиммаларига олишган. Бунда бозор иқтисодиётига ўтган мамлакатлар йирик ва кўп даромад қилувчи трансмиллий корпорациялар учун 10 фоизлик маржадан ошувчи даромадга камида 20 фоиз солиқ солиш ҳуқуқини намоён этади.

G7 мамлакатлари иқлим ўзгаришлари борасида ҳам ўзига хос келишувга эришган. Хусусан, иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиявий маълумотлар мажбурий ошкор этилишига ўтишни қўллаб-қувватлаган.

Йирик давлатлар макроиқтисодий оқибатларни кўриб чиқиш ва углеводород маҳсулотлари нархини белгилашда сиёсий босим имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан иқтисодий ва молиявий қарорлар қабул қилишда иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалалар ҳамда биохилма-хилликни йўқотишга доир хавотирларни инобатга олиш мажбуриятини ҳам олишмоқда.

Бундан ташқари, дунёнинг энг бой 7 давлати глобал иқтисодиётни тиклаш учун зарурат бўлгунча сиёсий дастак беришни ҳамда юқори сифатли иш ўринлари ташкил этиш ва иқлим ўзгариши ҳамда нотенглик муаммоларини ҳал этишни қўллаб-қувватлашини билдирган. Ушбу давлатлар иқтисодиётлари очила бошлар экан, улар инқирознинг нотенг таъсирини чеклашга доир қарорлар қабул қилишни давом эттиради. Бунда энг зарур бўлган соҳа қўллаб-қувватланади. Тикланиш қатъий изига тушиб олгач, келгуси инқирозларга самарали қарши тура олиш ва узоқ муддатли тузилмавий муаммоларни ҳал этиш учун давлат молия тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш чоралари кўрилади.

Top