14:17 / 06.06.2021
27053
«Қазилма бойликлар устига жойлашиб олишган» - Чустдаги қишлоқ аҳли портлатмасликни сўрамоқда, цемент заводи кўчиб кетишни таклиф этмоқда

Наманган вилояти Чуст тумани Қорақўрғон қишлоғи аҳлини бир муаммо қийнамоқда. Намангандаги цемент заводи учун шу қишлоқ яқинидаги конлардан портлатиш йўли билан хомашё қазиб олинмоқда...

Ушбу қишлоқда Kun.uz ижодий жамоаси аввал ҳам бўлган: «Қишлоқда бир тун» лойиҳаси тасвирга олинган эди.

Қорақўрғон ҳудудидаги яқинидаги тоғлар қурилиш маҳсулотлари ва хомашёсига бой. Намангандаги икки цемент заводи ҳам айни кунларда маҳсулот ишлаб чиқариш учун мана шу ердан хомашё қазиб олмоқда. Қазиш ишлари эса портлатиш йўли билан амалга оширилмоқда. Мана шу жиҳат маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Абдурасул Султонов

Маҳаллада яшовчи Абдурасул Султоновнинг сўзларига кўра, портлатиш ишларини тўхтатиш бўйича кўплаб ташкилотларга, шу жумладан, президент порталига ҳам мурожаат йўлланган. Лекин бирор натижа бўлмаган.

Қорақўрғон маҳалласи 2020 йилда «Обод қишлоқ» дастурига тушган эди. Дастур ижроси давомида йўллар асфальтланиб, соз ҳолга келтирилганди. Цемент заводлари кон ишларини бошлаганидан сўнг, оғир юк юртган машиналарнинг мунтазам қатнови туфайли йўллар абгор ҳолга кела бошлаган.

Портлатиш ишлари даврида кўплаб фуқароларнинг уйларига зарар етгани ҳам таъкидланмоқда. Янги таъмирланган уйларда ёриқлар ҳам пайдо бўлиб қолган.

Муҳаббат Қобилова

Маҳаллада яшовчи Муҳаббат Қобилованинг сўзларига кўра, ёш болаларда қўрқувдан дудуқланиб қолмоқда, келинчаклар фарзандини муддатидан аввал дунёга келтиришмоқда. Ҳудудда онкологик касалликлар ҳам сезиларли кўпайгани айтилмоқда. Бунга сабаб қилиб тоғ жинслари орасида уран моддаси борлиги кўрсатилмоқда. Албатта, булар ҳозирча пухта ўрганилиши талаб этиладиган жиддий тахминлар.

Муаммони мутасаддиларга етказиш ва ҳал этиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам бир неча бор мурожаат хатлари ёзган.

Мурожаатни ўрганиш давомида маҳалла раиси Зарифжон Хидиров томонидан Наманган цемент заводига ёзилган хатга қайтарилган жавоб хати эътиборни тортди. Хатда айтилишича, ҳудудда яшовчи аҳолини бошқа жойга кўчириш бўйича маҳаллий ҳокимиятга таклиф юборилган ва бу масалада маҳаллий аҳоли ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Ушбу ҳолатга Наманган цемент заводи мутасаддиси Асадилло Ғайбуллаев изоҳ берди.

Асадилло Ғайбуллаев

Ғайбуллаевнинг сўзларига кўра, 2022 йилда аҳолини хавфсиз ҳудудга кўчириш бўйича маҳаллий ҳокимият томонидан ваъда берилган. Унинг айтишича, аҳоли қазилма бойликлари жойлашган ҳудудга жойлашиб олган.

«Агарда буни бугун биз олмасак, эртага бошқаси олади», — дейди «Наманган цемент» МЧЖ иш юритувчиси.

Бир тарафдан, ерости бойликларини олиш, уни қайта ишлаш ва давлат иқтисодиётига катта ҳисса қўшиш — бу яхши иш. Лекин аҳолини «тоғолди ҳудудларига ўтириб олган», деб айблаш, қадимдан ота-боболари яшаб келган ўтроқ аҳолига бундай айб тиркаш бирор-бир қолипга тўғри келмаса керак.

Унинг устига, 2022 йилда бузиш ишлари бошланиши ҳам айтиб ўтилди. Кўчириш ишларигача аҳоли шу тарзда яшайдими? Кўчириш ишлари кимнинг ҳисобидан бўлади? Цемент завод вакили нимадандир ёрдам бера олишини айтмоқда. Демак, кўчириш ишлари ҳам кимнинг ҳисобидан ва қачон амалга оширилиши ва қай тартибда бўлиши аниқ эмас.

Энг қизиғи, портлатилиб хомашё қазиб олиш ишлари олиб борилаётган ердан унча узоқ бўлмаган ҳудудда сув омбори жойлашган. Лекин «Наманган цемент заводи» МЧЖ иш юритувчисининг сўзларига кўра, сейсмик ҳолат сув омборига таъсир ўтказмайди.

Аслида, Қорақўрғон аҳолисининг хомашё олинишига ҳеч қандай қаршилиги йўқ. Фақат кон ишларини замонавий хавфсизлик талабларига риоя қилиниб, сейсмик ҳолатни инобатга олиб, аҳоли хонадонларига зарар етказмайдиган ҳолатда амалга оширишни сўрашмоқда, холос.

Бу ҳолатга тегишли мутасадди ташкилотлар ҳам эътибор беришади, деган умиддамиз.

Ушбу мақола эълон қилиниши арафасида цемент заводи қишлоқ йўлларини таъмирлаш ишларини бошлагани ҳақида хабар етиб келди. Ўйлаймизки, қишлоқ аҳлини қийнаётган ва уларга ноқулайлик туғдираётган қолган муаммолар ҳам ўз ечимини топади.

Тоҳиржон Турсунов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи: Боймирза Халилов.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top