23:34 / 08.06.2021
24205
Макрон юзига тарсаки туширилиши билан боғлиқ ҳодисага изоҳ берди

Франция президенти Эммануэл Макрон Дром департаментига сафари давомида фуқаролардан бири томонидан юзига тарсаки туширилиши ҳолатига изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, бу шундай ягона ҳодиса ҳисобланади ва муҳим масалалардан эътиборни чалғитмаслиги лозим. 

Фото: AFP

Воқеа Макрон Дром департаментида маҳаллий аҳоли билан сўрашиш учун кортежини тўхтатиб, одамлар ёнига борганда юз берган. Омма орасида турган эркаклардан бири Франция етакчисига қўл узатган ва Макрон у билан гаплашмоқчи бўлганда унинг юзига тарсаки тушириб қолган.

«Ҳаммаси жойида. Биз, фикримча, ягона бўлган ушбу ҳодисани кейинроқ кўриб чиқишимиз лозим. У кўпчилик учун ҳаётий муҳим бўлган масалалардан эътиборни чалғитмаслиги керак», деб айтган Макрон.

Унинг таъкидлашича, ўзини шафқатсиз ва тажовузкор тутувчи баъзи одамлар ўзига эътиборни тортмаслиги лозим. «Аксарият французларни долзарб масалалар қизиқтиради. Келинг, баъзи ҳодисалар, намойишларда учрайдиган радикал шахслар кун тартибини эгаллаб олишларига йўл қўймайлик, улар бунга лойиқ эмас», деб таъкидлаб ўтган президент.

 Макронга тарсаки туширган эркак тансоқчилар томонидан қўлга олинган ва полицияга топширилган. Бундан ташқари, ушбу ҳодиса юзасидан яна бир киши ҳибсга олинган. У Макронга тарсаки туширган эркак билан бирга бўлган ва юз берган ҳодисани тасвирга олган. Ҳозирда уларнинг иккиси ҳибсда ушлаб турилибди. Figaro нашрининг маълум қилишича, уларга 3 йилгача қамоқ жазоси берилиши ва 45 минг евро жарима солиниши мумкин.

Top