09:56 / 14.06.2021
10254
G7 етакчилари Беларусь раҳбариятини янги президент сайловлари ўтказишга чақирди
Фото: EPA-EFE/HOLLIE ADAMS/INTERNATIONAL POOL

G7 давлатлари етакчилари Британияда ўтган саммит давомида Беларусдаги вазиятни муҳокама қилишди. Саммит натижалари бўйича имзоланган қўшма баёнотда «Катта еттилик» етакчилари Беларусда ҳокимият томонидан инсон ҳуқуқлари, асосий ҳуқуқ ва эркинликлар ҳамда халқаро ҳуқуққа нисбатан давом этаётган тазйиқлардан хавотир билдиришган. Улар мамлакатда янги президент сайловларини ўтказишга чақиришган.

Баёнотда 23 май куни Минскда Ryanair самолётининг мажбуран қўндирилиши ва унинг бортида бўлган беларуслик мухолифатчи Роман Протасевичнинг ҳибсга олиниши Беларусь раҳбарияти томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга мисол сифатида келтирилган. «Биз ушбу ҳодиса айбдорларини жавобгарликка тортиш учун санкциялар киритиш ва Беларусь жамияти, мустақил ОАВ ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш йўли билан биргаликда иш олиб борамиз», деб айтилган қўшма баёнотда.

G7 етакчилари Беларусь раҳбариятини ўз йўналишини ўзгартириб, ЕХҲТнинг Москва механизми доирасида экспертлар берган тавсияларни бажаришга, жамиятнинг барча қатламлари билан мулоқотга киришиш ва эркин ҳамда адолатли сайловлар ўтказишга чақирган.

2020 йил августда Беларусда ўтган сайловларда амалдаги президент Александр Лукашенко ғалаба қозонгани расман эълон қилинган. Бироқ мухолифат унинг рақиби Светлана Тихановская ғолиб бўлган деб ҳисобламоқда. Шу туфайли мамлакатда сайловлардан кейин кўплаб норозилик намойишлари ўтган.

Top