17:00 / 15.06.2021
22178
«Хитойга туҳмат қилишни тўхтатинг» — Пекин G7 етакчилари баёнотига норозилик билдирди

Таъкидланишича, G7 етакчилари баёнотида фактлар бузиб кўрсатилган, баёнотнинг ўзи эса "бир неча мамлакат, жумладан, АҚШнинг ёвуз мақсадларини кўрсатмоқда".

Фото: EPA

Хитой G7 саммити якунлари бўйича дунёнинг ривожланган мамлакатлари етакчилари Пекинни инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирганидан сўнг "катта еттилик" давлатлари раҳбарларини "сиёсий манипуляциялар"да айблади, деб ёзади BBC.

G7 етакчилари баёнотида Пекин уйғурлар ҳуқуқларини бузаётгани ва Ҳонгконгдаги ўзгача фикрловчиларнинг шафқатсиз бостирилиши тилга олинган.

"Хитойга туҳмат қилишни, Хитойнинг ички ишларига аралашишни ва Хитой манфаатларига зарар етказишни бас қилинг", - деди Хитойнинг Буюк Британиядаги элчихонаси вакили. Элчихонадагилар Хитой ҳукуматига нисбатан айбловларни асоссиз, деб атади.

G7 гуруҳига АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада ва Италия киради. Саммитларда шунингдек, Евроиттифоқнинг марказий органлари раҳбарлари ҳам иштирок этади.

Экспертларнинг фикрича, 2017 йилда Шинжон-Уйғур мухтор туманида ўзгача фикрловчиларга қарши кураш бошланганидан буён бир миллионга яқин уйғурлар ва бошқа мусулмонлар ушланган. Юз минглаб кишилар панжара ортига ташланган. Қатор манбалар уларга нисбатан жисмоний ва руҳий қийноқлар қўлланилгани ҳақида гувоҳлик беради. Хитой бундай айбловларни рад этиб келади.

G7 етакчилари шунингдек, Хитой ҳукуматини Ҳонгконг мухолифатининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга чақирди. Ўтган йили Пекин миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ушбу қонунга кўра, айирмачилик, қўпорувчилик фаолияти ва хорижий давлатлар вакиллари билан тил бириктириш жиноят, деб ҳисобланади ва озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланади.

Баёнотда Хитой ўз провинцияси деб ҳисоблайдиган Тайван ҳам тилга олинган эслаб ўтилган. G7 ушбу минтақада тинчлик ва барқарорлик муҳимлигини таъкидлаган.

АҚШ президенти Жо Байден "катта еттилик" баёнотидан қониқиш билдирди, аммо Хитой элчихонасида бу баёнот норозилик уйғотди. Таъкидланишича, баёнотда фактлар бузиб кўрсатилган, баёнотнинг ўзи эса "бир неча мамлакат, жумладан, АҚШнинг ёвуз мақсадларини кўрсатмоқда".

НАТО саммити

14 июн куни Брюсселда бўлиб ўтган НАТО саммити якунларига кўра қабул қилинган баёнотда Хитойнинг ҳаракатлари алянс хавфсизлиги учун тизимли чақириқ, деб ҳисобланди.

 «Хитойнинг мақсадлари ва ҳаракати Шимолий атлантика алянси хавфсизлигига алоқадор қоидалар ва йўналишларга асосланган халқаро тартибга нисбатан тизимли чақириқ ҳисобланади», — дейилди баёнотда.

Ҳужжатда қайд этилишича, Хитой ўз ядровий арсеналини шитоб билан оширмоқда ва ҳарбий модернизацияни амалга оширишда шаффофлик тамойилларига амал қилмаяпти ҳамда Россия билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилмоқда.

 «НАТО Хитой билан имконият мавжуд соҳаларда конструктив мулоқотни қўллаб-қувватлайди», — дейилади баёнотда.

Top