09:25 / 23.06.2021
2720
Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ректорлари форуми бўлиб ўтди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ)да 2021 йил 21 июнь кунлари Ўзбекистон-Венгрия олий таълим муассасалари ректорлари форуми ўз ишини бошлади.

Форумдан кўзланган асосий мақсад эса Ўзбекистон ва Венгрия ОТМлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, таълим, илм ва инновацияни янада ривожлантиришдан иборатдир.

Венгрия томонидан форумда давлат котиби, ректорлар конференцияси раиси, 21 та ОТМ раҳбарлари, Ўзбекистон томонидан эса олий ва ўрта махсус таълим вазири, Республика Олий таълим Кенгаши раиси, республика доирасидаги 50 га яқин ОТМ раҳбарлари иштирок этдилар.

Форум аввалида Республика Олий таълим кенгаши раиси, ТИҚХММИ ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич, олий ва ўрта махсус таълим вазири Тошқулов Абдуқодир Ҳамидович, Венгрия Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазирлигининг Венгрия дипломатия академияси ва “Stipendium Hungaricum” таълим дастури масалалари бўйича давлат котиби Орсоля Пацаи-Томашичлар ўзларининг қутлов сўзларини билдиришди.

Сўнгра ялпи мажлис маърузалари бошланди. Венгрия ректорлари Конференцияси раиси, Этвёш Лоранд университети ректори Ласло БОРХИ “Венгрияда олий таълим: тизим фаолияти, ўзига хосликлари, ютуқлар ва муаммолар. Олий таълим соҳасидаги Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари”, Фарғона политехника институти ректори Саломов Ўктам Раҳимович “Ўзбекистонда олий таълим ривожланишининг устувор йўналишлари. Ислоҳотлар натижалари, муаммо ва истиқбол”, Венгрия ректорлари конференцияси Бош котиби Золтан Дубецин “Ўзбекистон-Венгрия ОТМларининг икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш имкониятлари” мавзуларида маърузалари билан чиқдилар.

Ҳамкорликнинг илк нишони албатта, таълим дастурларини биргаликда ишлаш ва бунинг натижаси ўлароқ, қўшма дипломлар беришни тизимли ва манзилли асосда йўлга қўйишдир.

Ушбу форумнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳамкорлик тор соҳада эмас, балки кенг қамровлилиги билан характерланди. Улар билан кимёвий технологиялар, энергетика, машинасозлик, саноат технологиялари, биотехнология, суғориш ва сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, фармакология, фармацевтика соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш масалалари бўйича мутахассисларнинг мулоҳазалари, қизғин баҳс билан кечган савол-жавоблари ўзининг ижобий самарасини беришига ишонч билдирилди. Бунинг замирида Венгрия ва Ўзбекистоннинг 16 та ОТМ ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари имзоланди.

Форум куннинг иккинчи ярмида форум қатнашчилари тўртта шуъбада қуйидаги муҳим масалаларни муҳокама қилдилар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқдилар.

Олий таълимда кредит-модул тизими, афзаллик ва мураккабликлар нималардан иборатлиги, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг имкониятлари, талабалар алмашинуви, стажировкаси, грантлар ажратиш ва халқаро ҳамкорликнинг бошқа жиҳатлари бўйича Тошкентдаги Форумнинг Резолюцияси қабул қилинди.

Тизимли ҳамда манзилли режа, мақсад ва ҳамкорликдаги ҳаракат ўз натижасини бериши аниқ.

ТИҚХММИ матбуот хизмати

Top