19:00 / 25.06.2021
16256
Нозим Ҳусанов Жанубий Кореяга ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини жалб этишни тиклаш бўйича музокаралар ўтказди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги делегацияси 21-25 июн кунлари меҳнат миграцияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида Корея Республикасида бўлди.

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Делегацияга вазир Нозим Ҳусанов бошчилик қилди. Бу ҳақда Kun.uz'га вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Ташриф давомида ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини Жанубий Кореяга шартнома асосида узоқ муддатли ва мавсумий тартибда юбориш масалаларини қайта кўриб чиқиш, ушбу мамлакатда меҳнат шартномаси билан ишлаётган ишчиларга яратилган шароитлар, Е-8 ва Е-9 визалари бўйича пандемия сабаб келиб чиққан муаммолар юзасидан музокаралар олиб борилди.

Нозим Ҳусанов 22 июн куни Сежонг шаҳрида Корея Республикасининг қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Парк Бёнг Хонг билан ўтказган дастлабки учрашувда пандемия билан боғлиқ вазиятлар ўзбекистонлик мавсумий ишчилар учун ҳам кўплаб муаммолар туғдиргани, локдаун шароитида йўқотилган ишчи ўринларини қайтадан кўриб чиқиш ҳақида фикр билдирди.

Шу билан бирга, томонлар маълум вақт оралиғида ушбу ҳолатга ойдинлик киритилишини таъкидлашди.

Корея Республикаси бандлик ва меҳнат вазири Aн Кюнг-Дук билан бўлган расмий учрашувда эса, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига қўшимча квоталар ажратиш ва Е-9 визаси масалалари муҳокама қилинди.

Нозим Ҳусанов 23 июнда Корея Республикаси Иммиграция хизмати комиссари Ча Гю Гин билан музокаралар олиб борди. Учрашувда Ўзбекистон фуқароларини Кореяга ишга юбориш жараёнини тиклаш, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Кореяда ноқонуний қолиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар Ўзбекистондаги меҳнат ресурслари салоҳияти, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Корея Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати вазирлиги, Бандлик ва меҳнат вазирлигида бўлиб ўтган учрашувларнинг натижалари ҳақида маълумот алмашдилар.

Нозим Ҳусанов ҳозирги кунда 1634 нафар ўзбекистонлик фуқарога корейс иш берувчилари томонидан меҳнат шартномалари берилгани, лекин ушбу фуқаролар локдаун сабабли узоқ вақт давомида ўз иш жойларига кириб бора олмаётганликларига алоҳида тўхталиб, бу жараёнда Иммиграция хизматидан амалий ёрдам сўради.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон томони Кореяда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жўнатиладиган фуқароларни Корея Республикаси ҳукумати ва Юқумли касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бўйича махсус комиссияси талабидан келиб чиқиб, тавсия этилган вакциналар билан эмлаш, кетишдан олдин 14 кунлик изоляциялаш ва ушбу карантин тадбирларини ташкил этишни кузатиш учун кореялик мутахассисларни жалб этишга тайёрлигини билдирди.

Корея томони, Е-9 визаси асосидаги меҳнат мигрантлари, асосан, саноат соҳасига 16 хориж давлатидан жалб этиб келингани, лекин пандемия сабаб ушбу соҳалардаги бўш иш ўринларига маҳаллий фуқароларнинг ҳам талаби ортиб бораётганини маълум қилиб, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини жалб қилиш амалиётини ҳар икки мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич тиклаш масаласи махсус комиссия йиғилишида муҳокамага қўйилишини билдирди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистоннинг меҳнат салоҳияти билан танишиш мақсадида Корея Республикаси Иммиграция хизмати комиссари Ча Гю Гин бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати Ⓣ

Top