16:19 / 27.06.2021
13028
«Энг йирик олтин қазиб олувчилар ўнталиги, газ сотиб олувчига айланган Ўзбекистон» – ҳафтанинг иқтисодий хабарлари

Июнь ойининг тўртинчи ҳафтасида ҳам мамлакат иқтисодиётига оид бир қанча янгиликлар рўй берди. Kun.uz ҳафтанинг энг муҳим иқтисодий хабарларини тўплади.

Ўзбекистонда Lada ва Renault автомобилларини йиғишни бошлаш режалаштирилмоқда

«Автоваз» яқин 12 ой ичида Ўзбекистонда Lada ва Renault автомобилларини йиғишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания президенти Николя Мор журналистлар билан учрашувда маълум қилган.

«Ўзбекистон бозорида мавжудлигимизни ривожлантиришнинг оқилона усули – бу машина тўпламларини ўша ерда йиғишни бошлашимиздир. Биз яқин 12 ой ичида дастлаб Lada, кейинроқ эса Renault русумли автомашиналарни йиғишни режалаштиряпмиз», дея таъкидлаган Николя Мор.

Ўзбекистон «Газпром»га газ сотувчидан сотиб олувчига айланди

Ўзбекистон «Газпром»га газ сотувчидан сотиб олувчига айланди. Бу ҳақда Россия концерни еврооблигацияларининг чиқарилиши бўйича янги меморандум ҳамда тегишли ҳисоботида хабар берилган.

Ўзбекистон 2018 йилда «Газпром»га 3,8 миллиард кубометр газ етказиб берди, 2019 йилда етказиб бериш ҳажмини 4,9 млрд кубометргача оширди, 2020 йилда эса уларни тўхтатди. 2021 йилнинг биринчи чорагида ўзбек гази Россия концернига етказиб берилмагани янги меморандумда тасдиқланган.

Ўзбекистон ва Тожикистон тенг улушга эга бўлган иккита гидроэлектростанция қуради

Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Тожикистон ҳудудидаги Зарафшон дарёси ҳавзасида иккита гидроэлектростанцияни биргаликда қуриш учун очиқ акциядорлик жамиятини ташкил этади.

Станциялар қурилишининг умумий қиймати 552 миллион долларни ташкил этиши белгиланган. Қайд этилишича, қурилаётган станцияларда ишлаб чиқариладиган барча электр энергиясини Ўзбекистон томони сотиб олиши кутилмоқда.

Биринчи босқичда йилига 800 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган «Ёвон» ГЭС қурилади. 140 мегаватт қувватга эга ушбу станциянинг дастлабки қиймати 282 миллион долларга баҳоланмоқда.

Иккинчи босқичда йилига ўртача 600 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган «Фондарё» ГЭСини қуриш имконияти ўрганилади. 135 мегаватт қувватга эга ушбу станцияни қуриш учун 270 миллион доллар ажратиш керак бўлади.

Ўзбекистон Forbes’нинг энг йирик олтин қазиб олувчилар ўнлигига кирди

Қайд этилишича, 2020 йил Ўзбекистонда биринчи марта 100 тоннадан зиёд (101,6 тонна) олтин қазиб олинди. Бу орқали республика бутунжаҳон рейтингида 8-ўринни эгаллаб турган Перунинг ўрнини эгаллади. 2019 йилда Ўзбекистон 94,6 тонна олтин қазиб олган эди.

Рейтингда 1-ўринни ўтган йили 368,3 тонна олтин қазиб олган Хитой эгаллади. Кейинги ўринни Россия (331,1 тонна), 3-ўринни Австралия (327,8 тонна) банд қилган.

Кучли ўнликдан, шунингдек, АҚШ (190,2 тонна), Канада (170,6 тонна), Гана (138,7 тонна), Бразилия (107 тонна), Мексика (101,6 тонна) ва Индонезия (100,9 тонна) мамлакатлари жой олди.

15та туман ва шаҳар мебелсозликка мослаштирилди

Президент Шавкат Мирзиёев инвестиция ва экспортни кўпайтириш бўйича ўтказган видеоселекторида мебелсозлик ва автомобилсозлик соҳаларидаги ҳолатга тўхталиб ўтди.

«Бугунги кунда республика бўйича 5,5 мингта мебель корхонасидан 1,5 мингтаси аҳоли хонадонларида жойлашган бўлиб, уларни саноатлаштириш орқали камида мингта лойиҳани амалга ошириш мумкин.

Мисол учун, Хоразмдаги мебелсозларнинг 44 фоизи Хонқада жойлашган. Тумандаги Истиқлол, Баркамоллик, Пахтагул ва Ватанпарвар маҳаллаларида 100дан зиёд оила ўз хонадонларида мебель ишлаб чиқаради.

Шу боис жорий ҳафтада мебель саноатини ривожлантириш бўйича имзоланган қарорга мувофиқ, 15та туман (шаҳар) мебелсозликка мослаштирилди», деган президент.

Top