12:51 / 29.06.2021
20898
«Алламжонов айбдор» — Комил Алламжоновнинг шов-шув кўтарган китоби нашрдан чиқди

Муаллифга кўра, китоб – “сигнализацияни эмас, ёнғинни ўчириш кераклиги” ҳақида.

Ўзбекистонда президентнинг собиқ матбуот котиби, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг «Алламжонов айбдор» китоби нашрдан чиқди.

Китобда ҳамма нарса ҳақида очиқчасига ёзилган. Кўпгина хотиралар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Президент девони матбуот хизматларидаги ишга бағишланган.

Шунингдек, Матбуот ва ахборот агентлиги қандай қилиб ўзгартирилгани, бизнес қандай йўлга қўйилгани, нега баъзи лойиҳалар муваффақиятсиз якун топгани ҳақида батафсил ҳикоя қилинган.

“Мен бу китобда ҳали унча узун бўлмаган умр йўлимнигина эмас, қарашларимни ҳам акс эттиришга ҳаракат қилдим. Ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлиб, ўзига ишончини йўқотиш катта хато эканини ва у қимматга тушишини айтмоқчи бўлдим. Китоб бугун ўз йўли, ўз ўрнини топишга интилаётган ёшларга атаб ёзилди. Бу дунёда ҳамма нарса сотилади, таниш-билишсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, деган сафсаталарни йўққа чиқаришга уриндим. Ушбу китоб ўзига ишончи етишмаётганларга туртки-мотиватор, олдига улкан мақсад ва ғояларни қўйганларга далда, билим олишга шароитим йўқ, дейдиганларга мустақил ўқиш учун қўлланма”, дейди унинг ўзи.

Билдирилишича, тақдим этилган ушбу китобда Комил Алламжонов ҳақидаги ҳамма саволга жавоб бор.

Маълумотларга кўра, икки кун ичида 2143 дона китоб ўқувчиларга тарқатилган.

“Заковат” интеллектуал клуби аъзоларига китоб бепул тақдим этилади. Бошқалар эса уни республикадаги барча китоб дўконларидан ёки қуйидаги ҳавола орқали интернет-дўконлардан харид қилишлари мумкин.

Top