20:10 / 30.06.2021
13062
Марказий банк Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори ва унинг ўсиши сабабларини маълум қилди

2021 йил 1 апрел ҳолатига кўра, хусусий ташқи қарз 467,3 млн долларга ошди, давлат ташқи қарзи 156,7 млн долларга камайди.

Марказий банк ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи жорий йил бошига нисбатан 1 фоизга ёки 310,6 млн долларга ошди ва 2021 йил 1 апрел ҳолатига 34,2 млрд долларни ташкил қилди.

Хусусан, ўтган чоракда давлат ташқи қарзи 156,7 млн долларга камайиб, жаҳон бозорида Ўзбекистон халқаро облигациялари нархларининг тушиши, давлат қарзи бўйича асосий қарз тўловлари амалга оширилиши ва курслар ўзгариши ҳисобига 21,2 млрд долларни ташкил қилди.

Хусусий ташқи қарз эса ҳисобот даврида 467,3 млн долларга ошиб, ушбу ўсиш асосан банклар ҳиссасига тўғри келади.

«Январ-апрел ойларида хусусий сектор томонидан жами 1,3 млрд доллар миқдоридаги қарздорлик жалб қилинди. Ушбу қарзларнинг – 907,5 млн доллари банклар ҳиссасига тўғри келса, нефтгаз ва энергетика секторидаги корхоналар – 179,8 млн доллар ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари томонидан – 188,4 млн доллар жалб қилинган. Давлат томонидан эса 349 млн доллар миқдорида қарз олинган», дейилади ҳисоботда.

Маълум қилинишича, 1-чоракда давлат ташқи қарзи бўйича 200 млн доллар миқдоридаги асосий қарз ва 67 млн доллар миқдоридаги фоиз тўловлари амалга оширилган.

Хусусий ташқи қарз тўловлари асосий қарз бўйича 687 млн доллар ва фоиз тўловлари бўйича 94,3 млн долларни ташкил қилган.

Марказий банкка кўра, 2021 йил 1 апрел ҳолатига ялпи ташқи қарз қолдиғи 441,9 млн долларга ошиб, 36,8 млрд долларни ташкил қилди.

Аввалроқ, 2021 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 33,8 миллиард долларни ташкил этгани хабар қилинганди. 

2020 йил 1 январ ҳолатига республиканинг умумий ташқи қарзи 24,6 трлн доллар бўлган. 

Top