20:04 / 07.07.2021
19712
“Ҳаммаси – қўл меҳнатим” — тошлоқ жойда серфайз боғ яратган боғбон ҳикояси

Ҳасан Қаршиев Навоий вилояти Хатирчи туманининг Лангар маҳалласида яшайди. Туман марказидан узоқ, чекка ҳудудда яшайдиган Ҳасан ака 40 йилдан бери кетмон ва белкурак ёрдамида тошларни тозалаб ер очади. Ҳозир у очган ҳудуд каттагина боғга айланган.

Қизиғи, Ҳасан ака ерига бирор марта трактор ёки бошқа техникаларни киритмаган. Тошларни ҳам қўл кучи билан тозалаган.

“Ер очишни 20 ёшларимда бошлаганман. Ҳозир 59га кирдим. Бошида ташландиқ бўлган бу жойга озгина картошка эккандим. Ҳосил зўр бўлганди, шунга қизиқиб кетиб шунча йилдан бери ерни текислаб кенгайтириб боряпман. Шунинг ортидан даромад қилиб, беш фарзандимни ўқитдим, уйли-жойли қиляпман.

Дам олишга келадиганлар боғимга ҳавас билан қарашганини кўриб, менда ғурур пайдо бўлади. Бу ҳам куч беради. Бу ерга бирорта техника киритмаганман. Қўл кучи билан қилишга қизиққанман. Агар техника ишласа, тупроқ ўрни алмашиб, ҳосилга киргунча вақт кетади. Шунинг учун қўл билан ишлаган маъқул менга”, – дея ҳикоя қилади Ҳасан ака.

Меҳнаткаш боғбон ҳозир ҳам экин экиладиган ҳудудни кетмон билан парвариш қилади. Ер нотекис, турли дарахтлар экилгани учун техника киришининг иложи ҳам бўлмай қолган. Сувни эса 500 метр узоқликдаги булоқдан труба билан олиб келган. Кичик ҳовузчага кун бўйи сувни йиғиб, кейин экинларини суғоради.

Қаҳрамонимиз ҳатто ўзи очган ернинг майдони қанча эканини ҳам ҳисоблаб кўрмаган.

Ҳозир боғда турли меваларни топиш мумкин, сабзавотлар экилган. Ҳасан ака ерининг бир қаричини ҳам кимёвий ўғитлар билан парваришламаслигини айтади. Шу мева-сабзавотлар билан яқин қишлоқларни таъминлаб туради.

Фарзандларининг 4 нафари олий маълумотли, ўзи ўқий олмаган бўлса ҳам, болалари ўқишини астойдил хоҳлаган.

“Фақат бир ўғлим ўқишга киришни унча хоҳламади. Лекин у ҳам ўз ишини топган”, дейди Ҳасан ака.

Ҳасан ака қиш-ёз тинмай меҳнат қилади, уни таниганлар ҳам ўта меҳнаткаш эканини, ерни яхши кўришини айтишди.

 

“Менда чарчаш деган нарса йўқ. Меҳнат қилишни яхши кўраман. Аллоҳ мени шундай яратган. Фарзандларимга ҳам мендан кейин еримга яхши қаранглар, бундан ҳам кўп дарахт экинглар, деб айтаман”, – дейди умрини шу боғига бағишлаган Ҳасан Қаршиев.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов

Kun.uz “Ҳаётий ҳикоялар” рукнида ўзига хос ҳаёт йўлига эга юртдошларимиз ҳақида ҳикоя қилиб келмоқда.

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top