22:37 / 09.07.2021
2203
Қаршида юз берган можарода биринчи ҳайдовчи ЙПХ ходимини тепиб куч ишлатгани маълум бўлди

Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида ҳайдовчилардан бири ЙПХ ходимлари томонидан калтаклангани айтилган видео тарқалди. Бугун мазкур ҳодисанинг ўша кузатув камера томонидан ёзиб олинган видеоси тарқалди. Унда тасвирланишича, биринчи бўлиб ҳайдовчи ЙПХ ходимини тепиб, унга куч ишлатган.

Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йил 5 июль куни содир бўлган. Вилоят ИИБ ЙПХ инспектори О.Турсунов Қарши шаҳар А.Темур кўчасидаги пиёдалар йўлакчаси устида қолдирилган ва пиёдалар ўтишига халақит қилиб турган «Нексия» машинасини эвакуаторга ортаётганда ҳайдовчининг ўғли ЙПХ ходимини тепиб куч ишлатган. Сўнг у ўзидан кетиб қолгани учун шифохонага олиб кетилган. Отаси эса бошқалар ёрдамида «Нексия»ни эвакуатордан бўшатиб миниб кетган.

Ҳодиса юзасидан ИИВ матбуот котиби томонидан изоҳ берилди. Унда ёзилишича, ЙПХ ходими пиёдалар йўлакчасида турган «Нексия» машинаси учун қоидабузарликни тегишли тартибда расмийлаштирмоқчи бўлганда унинг ҳайдовчиси О.О. ЙПХ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаган. Унга ҳужжатларни тақдим этмасдан, машинада бирга бўлган хотини Х.Ш. ва ўғли Т.С. билан биргаликда жанжал кўтариб, атрофдагиларнинг эътиборини жалб қилган.

Аёл кишининг бақириқларига тўпланган фуқаролар, ходимларнинг фаолиятига қаршилик кўрсатишган. Шу жараёнда жанжалдан фойдаланиб, ҳайдовчи «Нексия»ни миниб, воқеа жойидан яширинган.

Қайд этилишича, ҳозирда жанжал иштирокчиларининг барчаси аниқланиб, Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ЙПХ ходимларининг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун хизмат текшируви тайинланган.

Top