12:44 / 21.07.2021
1086
Самарқандда таркибида олтин бўлиши мумкин бўлган руда тошларини талон-торож қилган шахслар аниқланди

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида таркибида олтин бўлиши мумкин бўлган руда тошларини талон-торож қилган шахслар аниқланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 17 июль куни ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан «Қорақўтон» кон бошқармасига қарашли ва ҳокимият тасарруфида бўлган ер ости ва ер усти шахталаридан ноқонуний равишда таркибида олтин бўлиши мумкин бўлган руда тошларини талон-торож қилинишини олдини олиш мақсадида, Пахтачи тумани "Қиргули" маҳалласида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида бир гуруҳ фуқароларнинг яшаш манзиллари кўздан кечирилганда, туманининг Қиргули маҳалласида яшовчи Р.Ё.нинг уйидан таркибида олтин бўлиши мумкин бўлган, тахминий оғирлиги 2 тонна, Қ.Н.нинг уйидан тахминий оғирлиги 2,5 тонна, Б.Д.нинг уйидан 300 килограмм, Қ.М.нинг уйидан руда қумларни ювишга мўлжалланган мослама ва 200 килограмм руда тошлари, Ю.Р.нинг уйидан 600 килограмм, Ғ.Шохрузнинг уйидан руда тошларини қазиб олиш учун ишлатилган 6 дона перфораторлар борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, аниқланган руда тошлари тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олиниб, экспертиза текширувига юборилган. Ҳозирда, аниқланган ҳолатлар юзасидан Пахтачи тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top