13:57 / 27.07.2021
600
Самарқанд вилоятида 15 кунда ер ва сувдан фойдаланишда 264 та қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилди

Самарқанд вилоятида жорий йилнинг 1-15 июль кунларида ўтказилган назорат тадбирларида ер ва сувдан фойдаланишда 264 та қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган. Бу ҳақда «Ўзагроинспекция»нинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, «Ўзагроинспекция»нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан 2021 йил июль ойининг дастлабки 15 кунида 649 марта назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, уларда 264 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 176 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 400 та огоҳлантириш берилган. 79 та ҳолат бўйича ёзма кўрсатмалар берилган, 9 та ҳолат юзасидан тақдимнома киритилган. Ушбу тақдимномаларга асосан, 2 нафар фуқарога нисбатан интизомий жазо чораси белгиланган.

Қайд этилишича, инспекция органлари томонидан 161та ҳолатда ваколат доирасида маъмурий ишлар бўйича қарорлар қабул қилинган. 15та қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар, қонуний қарорлар қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, 15 та ҳолатда судларга юборилган.

Хусусан, инспекциянинг Иштихон тумани бўлими томонидан ўтказилган 111 назорат тадбирларининг 54 тасида, Ургутда 69 та назорат тадбирларининг 47 тасида, Нарпайда 33 тадан 23 тасида ҳамда Паст Дарғомда 38 та назорат тадбирларининг 17 тасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Маълумот учун, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида бажармаслик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва бошқариш юзасидан белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан, жазо чораси белгиланган.

Top