10:34 / 01.08.2021
20716
Энг кўп ва энг кам маош олувчилар, ошиши кутилаётган пенсия, хавотирга солаётган озиқ-овқат нархи – Ҳафтанинг “пуллик” хабарлари

Июл ойини якунлаб берган ҳафтада Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўзгаришлар содир бўлди, қизиқарли статистикалар эълон қилинди. Kun.uz ҳафтанинг “пуллик” хабарларини тўплади.

Ўзбекистонликларнинг иш ҳақи статистикаси эълон қилинди

Статқўм маълумотларига кўра, энг кўп маош молиячиларда, энг ками эса шифокорлар ва ижтимоий соҳа вакилларига тўғри келади. Ҳудудлар кесимида энг юқори маош олувчилар Тошкент шаҳрида яшайди.

Соҳалар бўйича ойлик иш ҳақларининг ўсишини бу ерда кўриш мумкин.

Марказий банк йил охиригача ЯИМ 6,8 фоизга ўсишини прогноз қилди

Ўзбекистон Марказий банки ўтган чоракда ЯИМ ўсиш прогнозини 5,8 фоиз қилиб белгилаган бўлса, энди бу миқдорни 6,8 фоизга оширди.

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Ҳафта давомида Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шу билан бирга, МБ фоиз коридори ±2 фоиз бандга кенгайтирилди ҳамда пул-кредит инструментлари тўпламига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Фермерларнинг бўшаган ерларини аҳоли ижарага олиши мумкин

Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат кластерлари ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги ғалладан (пахтадан) бўшаган ер майдонларини аҳолига бериш назарда тутилган қарор лойиҳаси эълон қилинди. Унда ерни “дафтарлар”га киритилганлар ва ишсизларга 10 йилга ижарага бериш кўзда тутилган. Савдо-саноат палатаси лойиҳага қарши позиция билдирди.

Пенсия ва нафақалар миқдори оширилади

Жорий йилнинг сентябр ойида пенсия миқдорларини ўртача 10 фоизга ошириш назарда тутилган. 2020 йилда пенсионерларимизнинг пенсия миқдорлари бир марта 10 фоизга, иккинчи марта 7 фоизга оширилган эди.

Қўйлиқ ва Чорсу деҳқон бозорларидаги улгуржи нархлар интернетда эълон қилиб борилади

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Қўйлиқ деҳқон бозоридаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва Чорсу бозоридаги гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархларини эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйди.

Маълум қилинишича, ушбу амалиёт бозордаги улгуржи нархлар балансини меъёрга келтириш ва бошқа бир неча ўринларда яхши самара беради.

Марказий банк дори-дармон ва озиқ-овқат нархлари кескин ошиши эҳтимолидан огоҳлантирди

Келгуси ойларда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг ўзгариши шароитида дори-дармонлар, тиббий хизматлар ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кескин ошиши мумкин. Марказий банк ҳукуматни бунинг олдини олиш бўйича чора кўришга чақирди.

Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш 32 фоизга қисқарди

2021 йилнинг 1-ярмида Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб учдан бир қисмига кам бўлди.

Йилнинг 6 ойида нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш (жами саноатдаги улуши – 2,6 фоиз) 32,1 фоизга қисқарган. Бироқ бунинг сабаблари келтирилмаган.

Фуқароларнинг ишламайдиган турмуш ўртоқлари ҳам пенсияга чиқиши мумкин

Эндиликда ишловчи фуқароларга ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсияга чиқиши учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.

Йилнинг биринчи ярмида 105 миллион долларлик давлат мулки сотилган

2021 йилнинг биринчи ярмида 1,1 триллион сўмлик (105 миллион доллар) давлат мулки сотилган. Бу кўрсаткич ўтган тўрт йил ичида 150 миллион долларга тенг бўлган. 2021 йил якунигача хусусийлаштириш жараёнларидан бюджетга 600 миллион доллар тушум бўлиши кутиляпти.

Top