20:06 / 04.08.2021
6944
Экопартияга таклиф қилинган янги рамз партия фаоллари эътирозига сабаб бўлди

Бугун, 4 август куни Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди. 

Унда партиянинг янги рамзини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ўзбекистон экологик партиясининг амалдаги рамзи

Партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, Қонунчилик палатаси депутати Камолиддин Жуманиёзовга кўра, ҳар бир сайловга партиялар янгича ёндашув билан кириб боради. Шу маънода сиёсий партия учун рамзлар жуда муҳимдир. 

Камолиддин Жуманиёзов

«Бизнинг таклиф этилаётган янги рамзимиз тўртбурчак шаклда бўлиб, у оқ рангда ифодаланган. Бу – тинчлик, поклик, беғуборлик ва тозалик ифодасидир. 

Рамздаги кўкка бўй чўзаётган яшил барг эса яшариш, янгиланиш ва келажакка бўлган ишончнинг белгисидир. 

Рамзимизда шунингдек, Ўзбекистон экологик партияси номидаги бош ҳарфлар мовий, кўк рангда ифода этилди. Бу тинчлик ва мамлакатнинг мусаффо осмонига ишора. 

Шулардан келиб чиққан ҳолда таклиф этилаётган янги рамзимизни тасдиқлаб беришингизни сўрайман», – деди у.

Ўзбекистон экологик партиясининг таклиф этилаётган янги рамзи

Пленум давомида партиянинг таклиф қилинган янги рамзи бўйича муҳокамалар қизғин тус олди. Жумладан, Қонунчилик палатаси депутати Лейла Сейитовага кўра, янги рамзда партия номидаги бош ҳарфлар ифода этилган қисқартмадаги лотинча «O‘» ҳарфидаги «‘» апострофи тушиб қолган. 

Лейла Сейитова

«Бу эса ўзбек тили имло қоидаларининг жиддий бузилиши ҳисобланади», –деди депутат.

Экопартия яна бир фаоли Хадичахон Назарованинг фикрларига кўра, партиянинг таклиф этилаётган янги рамзи жуда оддий кўринишда ишланган. 

«Бу жуда оддий ва уни қайта ишлаш керак. Бу рамз фақат яшил барг ва ёзувдан иборат бўлиб қолган. Маълумотлар эса жуда кам», – деди у.

Шу каби фикрлардан кейин таклиф қилинган янги рамз партия қурултойигача ишчи гуруҳ томонидан қайта ишлаб чиқиладиган бўлди. 

Top