08:01 / 08.08.2021
17108
Беҳзод Ҳошимов — хусусийлаштиришдаги нозик нуқталар ҳақида

“Сотилаётган корхонанинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, алоҳида аукцион дизайни қилиниши керак, худди кимгадир мослаб костюм тиккандек. Битта қолип ҳаммасига ўтади дегани эмас”, – дейди иқтисодчи.

АҚШнинг Висконсин университети бизнес-мактаби докторанти, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz'ga берган интервьюсида хусусийлаштириш жараёнидаги нозик нуқталар ҳақида сўзлаб берди.

“Умуман, 1991 йилдан де-юре мамлакатда хусусийлаштириш жараёни кетмоқда. Қачондир ҳамма нарса давлатники бўлган, ҳозир эса кўп нарсалар хусусий. Баъзи мулкларни хусусийлаштириш 5-6 марта амалга оширилган. Бунга яна қайта миллийлаштириш сабаб бўлган.

2017 йилдан кейин мамлакатда хусусийлаштириш тезлашдими деган саволга аниқ жавоб бера олмайман, чунки 1991-1997 йилларда бу жараён тезроқ амалга оширилган. Буни ўша пайтларда ҳаттоки оддий новвойхоналар ҳам давлатники бўлгани билан ҳам изоҳлаш мумкин”, – дейди у.

Иқтисодчининг айтишича, хусусийлаштиришнинг асосий мақсади – самарадорликни ошириш. Буни эса тўғри ташкил этилган аукционлар орқали амалга ошириш керак.

“Бунда корхоналар ёки мулк самарасиз давлатдан самараси кўпроқ одамга топширилиши керак. Бу жараён адолатли ва шаффоф бўлишида ундаги элементлар жудаям муҳим.

Албатта, хусусийлаштиришнинг энг яхши методи бу – аукцион қилиш. Энг ёмон методи эса субъектив хусусийлаштириш ёки адабиётларда “гўзаллик танлови” дейилади. “Гўзаллик танлови”нинг ёмон томони – хусусийлаштириш бюрократларнинг субъектив фикри натижасида амалга оширилишидир. Бу жараёнда улар ўз ақлига таяниб корхоналарни танлашади.

“Гўзаллик танлови” – Ўзбекистонда жудаям кенг тарқалган ва уларда давлат мулкларининг хусусийлаштирилиши субъектив тарзда амалга оширилган. Бюрократлар қайсидир мулк айнан қайсидир корхонага берилишини белгилашган ва бошқа потенциал харидорлар ҳақида маълумотга ҳам эга бўлмаганмиз.

Аукцион – иштирокчилар маълумлиги ва нархлар кўрсатилиши сабабли анча шаффофроқ ва бу энг яхши хусусийлаштириш методи. Шу билан бирга, аукционларнинг турли хил кўринишлари мавжуд ва улар бир-биридан фарқ қилади.

Ким кўп маблағ таклиф қилса, сотилаётган буюм ўшанга бериладиган инглиз аукционини олайлик. Бунда бир киши 100 сўм, иккинчиси эса 200 сўм таклиф қилса, мен ўз мулкимни 200 сўм бермоқчи бўлган одамга сотаман. Аммо давлат ёки сотувчи бу буюмнинг асл нархини баҳолай олмайди. Чунки одамларнинг қанча пул таклиф қилиши мумкинлигини билиш имконсиз. Давлат 300 сўмга баҳолаётган мулкни, харидор 1000 сўмгаям баҳолаши мумкин. Кимошди савдода ҳам одамлар етарлича бўлмаса, мулкни арзонроқ сотиб олиш мумкин. Сиз 1000 сўмга сотиб олишга рози бўлсангиз, бошқалар 200 сўм таклиф қилса, сиз 210 сўм таклиф қилиб, сотилаётган мулкни анча арзонга ҳам олишингиз мумкин. Бу – давлат учун муаммо, чунки арзон сотиляпти.

Агар 3та одам иштирок этаётган бўлса, энг юқори нарх таклиф қилаётган одамнинг пастдаги 2та одам билан келишиши нархни пасайтириб юборади. Бу – биринчи муаммо. Бу каби ҳолатлар ҳамма аукционларда бўлган ва бунга қарши турли механизмлар ўйлаб топилган. Шулардан бири – нархларни конвертнинг ичида тақдим қилиш.

Конверт усулида иштирокчиларнинг ўзлари ким қанча таклиф қилаётгани ҳақида маълумотга эга бўлмаган. Натижада улар бир-бирини танимайди, бир-бири бераётган нархларни билмайди ва келишиб олиш қийин. Шу сабаб иштирокчилар ўзлари тўлаши мумкин бўлган энг катта нархни таклиф қилиши мумкин.

Аммо бунда ҳам қатнашчи ўзининг хоҳишини тўла ифода қилмаслиги мумкин. Агар сиз 1000 сўм таклиф қилмоқчи бўлсангиз ҳам, қолганлар 200 ёки 300 сўм баҳолаши мумкин деган ўй билан, ўзингизга қиммат баҳолаётгандай туюласиз ва кам нарх таклиф қиласиз. Натижада сиз 200 сўм деб ёзасиз ва 210 сўм таклиф қилган одамга мулк ўтиб кетади. Кейин сиз мулкни қайтадан 300 сўмга сотиб оласиз. Чунки бу нарх сизга барибир қулай. Бу эса ёмон аукцион ҳисобланади.

Бундан ташқари, иккинчи нарх аукционлари ҳам бор. Масалан, Россиядаги “Сигнал Инвест” деган корхонани шу усулда сотишган. Ҳамма қатнашчилар сирли равишда ўзлари таклиф қилган нархни беради, энг баланд нарх таклиф қилган одамга мулк ўтади, лекин иккинчи энг баланд таклиф қилинган нархда. Шунда сизда асл бермоқчи бўлган нархингизни беркитишга рағбат қолмайди. Сиз 1000 сўм деб конвертга ёзганингиз билан, иккинчи энг катта нарх 800 сўм бўлса, шунча маблағ тўлайсиз.

Иккинчи нарх методи Шарқий Европанинг кўп мамлакатларида ишлаган ва мулклар анча қимматга сотилган. Шу кўринишдаги аукционлар ўтказиш биз учун ҳам фойдали бўлади.

Аукционлар назарияси – етарлича мураккаб фан. Шу сабабли сотилаётган корхонанинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, алоҳида аукцион дизайни қилиниши керак, худди кимгадир мослаб костюм тиккандек. Битта қолип ҳаммасига ўтади дегани эмас”, – дейди иқтисодчи.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021–2025 йиллар оралиғида давлат иштирокидаги корхоналар сони 75 фоизга қисқартирилиши эълон қилинган.

Top