10:11 / 11.08.2021
3543
Жазоирда ўрмон ёнғинлари вақтида 42 киши ҳалок бўлди
Фото: EPA

Жазоирда ўрмон ёнғинлари оқибатида 42 киши, жумладан 25 аскар ҳалок бўлди. Яна бир неча аскар кучли куйиш жароҳатлари олган.

Аскарлар маҳаллий аҳолини ёнғинлардан қутқариш вақтида ҳалок бўлган. Жазоир президенти Абдулмажид Таббуннинг ёзишича, улар пойтахтдан 100 км узоқликда жойлашган Қабилия тоғли вилоятида 100 кишини ёнғиндан қутқаришган.

Ёнғинлар 9 августда бошланган. Ҳукумат фалокат ҳудудига ёнғинларга қарши кураш ва одамларни эвакуация қилиш учун ҳарбийларни жўнатган.

The Washington Post нашрининг ёзишича, Қабилияда етиб бориш қийин бўлган қишлоқлар кўп бўлиб, улар чекланган миқдорда сувга эга.

“Баъзи одамлар ёнғинлардан қочган, бошқалари эса челак, шох-шабба ва қўл остидаги буюмлар билан ёнғинни тўхтатишга ҳаракат қилган. Ҳудудда сув сепувчи самолётлар ҳам йўқ”, деб айтилган хабарда.

Жазоир ички ишлар вазири Комил Белжуданинг таъкидлашича, ёнғинлар ўт қўйишлар оқибатида келиб чиққан бўлиши мумкин. 

Унинг айтишича, “фақатгина қинғир қўлларгина вилоятнинг бир неча аҳоли пунктида бир вақтда 50 га яқин ёнғин чиқишига сабаб бўлиши мумкин”.

Аввалроқ Туркия ва Грецияда ҳам ўрмон ёнғинлари чиққанди ва улар ҳамон давом этмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёнғинларга иссиқ ҳаво сабаб ҳисобланади. Бироқ расмий шахслар ёнғинлар атайлаб уюштирилган бўлиши мумкинлигини истисно қилишмаяпти.

Top