16:04 / 12.08.2021
14313
Олмалиқ кон-металлургия комбинати коронавирусга ихтисослаштирилган шифохона очди
Фото: Олмалиқ КМК

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати томонидан ҳар куни тақдим этиб борилаётган рақамлардан ҳам кўриниб турибдики мамлакатимизда коронавирус касаллиги билан боғлиқ вазият жиддий тус олмоқда. Касаллик билан оғриган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида юртимизда барча зарур чора-тадбирлар кўрилганлиги сир эмас. Бу йўналишда олиб борилаётган ишларга Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Жумладан, Республикамиздаги эпидемиологик вазият инобатга олиниб, Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси таклифи билан, “Олмалиқ КМК” AЖ тасарруфидаги “Баҳор” меҳмонхонаси коронавирус касаллигига чалинган беморларни даволаш ва реабилитация қилиш мақсадида ихтисослаштирилган шифохонага айлантирилди.

ОКМК Тиббиёт хизмати бошлиғи Абдужаббор Тўхтабоевнинг маълум қилишича, ҳозирда Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва комбинат ўртасида белгиланган тартибда тиббиёт воситаларини қабул қилиш ҳамда уларни ўрнатиш, инфекцияни юқтириб олган фуқароларни қабул қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ихтисослаштирилган шифохона 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, шундан 12та ўрин реанимация учун 20 тасидан эса интенсив даволаш учун фойдаланилади. Ҳар бир палатадаги койкага узлуксиз кислород етказиб берувчи мослама ўрнатилган.

Эътиборлиси, беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида комбинат томонидан умумий ҳисобда 431 миллион сўмлик 4 та сунъий нафас олдириш аппарати, 4 та нафас олиш йўлларига узлуксиз босим берувчи ускуна, 22 та кислород концентратлари, 4 та кардиомонитор, 1 та дефибриллятор ва 4 та тиббий аспираторлар муассасага беғараз ҳомийлик ёрдами сифатида етказиб берилди. Шунингдек, комбинат тиббий хизматининг кўчма рақамли рентген ускунаси ҳам ушбу шифохонага фойдаланиш учун топширилди. Яқин кунларда яна реанимация бўлимига 12 дона функционал кроватлар олиб келиниши кутилмоқда. Ушбу кроватлар даволовчи шифокорларнинг ҳам муолажаларни бемалол олиб боришларига имкон беради.

Бундан ташқари, муассаса қўшимча равишда комбинат томонидан махсус тиббиёт анжомлари, коронавирус инфекциясида қўлланилувчи дори воситалари, дезинфекцияловчи эритма ва реактивлар билан таъминланган. Касалликка чалинган беморларни даволаш учун Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасининг малакали шифокорлари бириктирилган. Зарурат туғилса Республика ва вилоят тиббиёт муассасаларидан ҳам малакали шифокорлар сафарбар этилади.

Эндиликда ушбу ковид марказ мураккаб эпидемиологик вазиятда фуқароларимизнинг соғлиқларини тиклаш йўлида хизмат қилади.

Шифохонада бугунги кунда (12 август ҳолатига) 125 нафар бемор даволанмоқда. Мазкур муассасада даволанаётган беморларга 4 маҳал иссиқ овқат ташкил этилган.

Шифохона бош шифокори Абдулазиз Диниқуловнинг айтишича, оғир аҳволдаги беморларнинг даволаш муолажалари видео-конференц-алоқа орқали таниқли профессорлар билан муҳокама қилиниб, зарур чоралар кўриб борилади.

ОКМК Ахборот хизмати

Top