23:10 / 14.08.2021
8453
Фуқарога ҳал қилув қарорини 29 кундан сўнг бергани айтилаётган судьяга нисбатан хизмат текшируви тайинланди
Фото: Getty Images

Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой тумани судининг судьяси Ш.М. томонидан 2021 йилнинг 12 июль куни кўриб чиқилган фуқаролик иши бўйича чиқарилган ҳал қилув қарори орадан 29 кун ўтгач суд раисига қилинган шикоятдан сўнг тақдим этилгани айтилмоқда. Бу ҳақда Тelegram'даги “Yuristkadr” канали хабар берди.

“Ғалати вазият. Фуқаро ФИБ Яккасарой туманлараро судига ишга тиклаш ҳақида даъво аризаси киритган, 2021 йилнинг 12 июль куни суд унинг даъвосини рад қилиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган. Кўриб чиқдим, бизнинг наздимизда суд ходимнинг даъвосини асоссиз рад қилган, яъни даъво муддатини нотўғри қўллаган.

Майли, ҳозир гап бошқа нарса ҳақида. Фуқаро томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, ишни кўрган судья Ш.М. 2021 йилнинг 12 июль куни ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса-да, ўз вақтида қарорнинг нусхасини фуқарога бермаган ҳам, почта орқали юбормаган ҳам.

Фуқаро суд қарори қабул қилганидан кейин судга 10 кундан кейин борган, қарор берилмаган, 20 кундан кейин борган, қарор берилмаган, 2021 йил 10 август куни борганида, қарор ҳали ёзилмаганини айтишиб, яна қарор нусхасини беришмаган. Шунда фуқаро 2021 йил 11 август куни фуқаролик суди раисига ёзма ариза киритганидан кейингина, шу куни унга ҳал қилув қарорининг нусхаси берилган. Яъни суд даъвогарга ҳал қилув қарорини бир куни кам 1 ой ўтиб берган”, – дейилади “Yuristkadr” каналида эълон қилинган постда.

Муаллиф Фуқаролик процессуал кодексига асосан фуқаролик судининг ҳал қилув қарори устидан қарор қабул қилинганидан кейин 1 ой ичида апелляция шикояти берилиши мумкинлигини эслатиб, “Юқоридаги вазиятда қарорни вақтида бермаган суд бу билан фуқаронинг апелляция шикояти беришига ва шу йўл билан ўзининг қарори “синиши”га йўл қўймасликни мақсад қилганми?” деган саволни ўртага ташлайди.

Фуқаролик процессуал кодексининг 249-моддасида белгиланишича, суднинг ҳал қилув қарори ишнинг суд муҳокамаси тугаганидан кейин дарҳол қабул қилинади. Алоҳида ҳолларда, ўта мураккаб ишлар юзасидан асослантирилган ҳал қилув қарорини тайёрлаш кўпи билан беш кунга кечиктирилиши мумкин, аммо ҳал қилув қарорининг хулоса қисмини суд ишнинг муҳокамаси тугалланган мажлиснинг ўзидаёқ эълон қилиши керак. Айни вақтда суд ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишиб чиқиши мумкинлигини эълон қилади. Ҳал қилув қарорининг эълон қилинган хулоса қисми судья томонидан имзоланади ва ишга қўшиб қўйилади.

Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 майдаги 12-сонли «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида»ги қарорининг 26-бандида ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга имзо қўйдириб топширилади ёки почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Амалдаги қонунларга кўра, суд ҳал қилув қарорининг нусхаси тарафларга қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай юборилиши керак.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизматининг маълум қилишича, судья Ш.М.га нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Хизмат текшируви Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъати томонидан ўтказмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилиши айтилди.

Top