22:02 / 19.08.2021
9356
Хитой ҳонгконгликларни пенсиясиз қолдирди

Қайд этилишича, мамлакатни Британия паспорти билан тарк этмоқчи бўлганларга ҳисобрақамларидаги маблағларини олишда рад жавоби берилмоқда.

Хитой Ҳонгконгга нисбатан босим ўтказишда давом этмоқда ва шаҳар аҳолисини эмиграция қилганда пенсия жамғармасини олиш имкониятидан маҳрум қилди, деб ёзади Bloomberg.

Қайд этилишича, мамлакатни Британия паспорти билан тарк этмоқчи бўлганларга ҳисобрақамларидаги маблағларини олишда рад жавоби берилмоқда.

Британия ҳукумати Ҳонгконгда 1997 йилгача туғилганларга British National (Overseas) ёки BN (O) паспорти билан Буюк Британияга кўчиб ўтишни таклиф қилганди.

Пекин бунга жавобан бу паспортларни расмий ҳужжат сифатида тан олишни тўхтатди. Ҳонгконг пенсия жамғармаси ушбу паспорт шаҳардан кетиш ҳуқуқини бермаслигини, мос равишда улардан жамғармадаги маблағларни олишда фойдаланиб бўлмаслигини маълум қилди.

Эндиликда HSBC, Manulife, AIA ва Sun Life каби траст вазифасини бажарувчи компаниялар BN (O) паспорти билан Буюк Британияга кўчиб кетганларга маблағларини бера олмайди. Натижада бу давлатга кўчиб кетган кўплаб ҳонгконгликлар пулсиз қолди.

Британия ҳукумати 300 мингдан ортиқ ҳонгконглик шаҳарни тарк этиш учун BN (O) паспортидан фойдаланишини кутмоқда. 2021 йилнинг биринчи чорагида виза олиш учун 30 мингга яқин ариза ана шу паспорт бўйича берилган.

2021 йил июн ҳолатига Ҳонгконгни 89200 киши тарк этган.

Top