14:45 / 02.09.2021
14888
«Пандемия шахматга ўхшайди. Биз тўғри имкониятни кутиб ўтира олмаймиз» — Сардор Умурзаков

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгаши йиллик йиғилиши доирасидаги форумда ИТБга аъзо давлатлар пандемиядаги вазиятни тўғри таҳлил қила олишлари ва шунга мувофиқ ҳаракат қилишлари муҳимлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.

«Халқаро молия институтлари орасида, ИТБ пандемия бошланганидан буён йирик тадбирни «юзма-юз» форматида биринчи бўлиб ўтказиши чуқур рамзий маънога эга. Ишончим комилки, бу ҳамма учун мажбурий сигнал бўлади. Ишга киришиш вақти келди. Пандемия шахматга ўхшайди. Биз шунчаки ўтириб, ҳаракат қилиш учун тўғри имкониятни кутиб ўтира олмаймиз. Ҳозирги вазиятни тўғри таҳлил қила олиш ва унга мувофиқ ҳаракат қилишимиз керак», — деди Умурзаков.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда ИТБга аъзо мамлакатларнинг бирлашган иқтисодиёти жаҳон иқтисодиётининг ўсишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

«ИТБга аъзо мамлакатларда 1,8 миллиард аҳоли истиқомат қилади ва уларда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 16 фоизи ишлаб чиқарилади. Ўтган йили иқтисодиётимиз 4,1 фоизга ўсди, бу жаҳон ўртача кўрсаткичидан юқорироқ. Шунингдек, келгуси уч йилда ўсиш 4,2 фоиз даражасида прогноз қилинмоқда, бу ҳам жаҳон ўртача прогнози – 3,5 фоиздан юқори. Бу ставкаларни ушлаб туришгина эмас, балки ундан ҳам ошириш керак. Ҳозиргига ўхшаш даврда сармоялар ва бозорлар учун рақобат муқаррар ва бунга тайёр бўлиш жуда муҳим», — дея қўшимча қилди инвестициялар ва ташқи савдо вазири.

Унинг сўзларига кўра, «Хусусий сектор куни» форуми янги алоқалар ва янги ўсиш нуқталарини яратиш учун жуда аҳамиятлидир. Бугунги кунда ИТБ Бошқарувчилар кенгаши тадбирларида иштирок этаётган 1000 дан ортиқ хусусий сектор вакиллари ўртасидаги мавжуд муносабатларни тиклаш керак.

Мавзуга оид
Top