18:18 / 03.09.2021
9786
Саноат ривожланган Ургут туманига нега темир йўл бормаяпти?

Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов вилоятда саноат ривожланган, тадбиркорлар юрти бўлган Ургут туманига темир йўл тортиб бориш мумкинми, деган саволга жавоб берди.

Фото: KUN.UZ

Ўроқовга кўра, вилоятдаги энг йирик эркин иқтисодий зоналардан бири Ургутда бўлиб, айни вақтда тўртта ҳудудда унинг филиаллари мавжуд. Келгусида барча туманларда Ургут эркин иқтисодий зонасининг филиаллари фаолият кўрсатади.

“Дарҳақиқат, мазкур туманга темир йўл олиб бориш масаласи сўнгги беш йил давомида кўп муҳокама қилинди. Айтиш мумкинки, Ургут саноат марказигача 27 километр темир йўл тортиб бориш керак бўлади. Очиғи, бу йўналишда бир нечта кўприк, паст-баландлик ва турар-нотурар объектлар бор. Катта “снос”лар қилишга тўғри келади. Бир сўз билан айтганда, темир йўл жуда қимматга тушадиган лойиҳа ҳисобланади. Қолаверса, ҳисоб-китоб қилиб кўрдик, Ургут туманига темир йўл олиб борилгани билан ҳозирча туманнинг ишлаб чиқариш қуввати етарли эмас. Темир йўлдан самарали фойдаланиб бўлмайди.

Аммо бу Ургутга умуман темир йўл линияси тортиб борилмайди, дегани эмас. Агар келгусида ишлаб чиқариш қуввати икки карра ошса, темир йўл қуриш керак бўлади. Чунки туманда эркин иқтисодий зона кенгаймоқда, яқин йилларда қирққа яқин йирик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган” деди Ўроқов.

Вилоят қишлоқ хўжалиги 300 миллион долларлик экспорт салоҳиятига эга, деди ҳоким ўринбосари. Шу сабабли келгусида учта ҳудудда агрологистик марказ ишга туширилади. Ҳозирги вақтда Тойлоқ туманида 11 млрд сўмлик логистик марказ қурилмоқда. Ушбу марказ қўшни Ургут туманига ҳам хизмат кўрсатади. Шунингдек, Жомбой туманида ҳам йирик лойиҳа – 55 млн долларлик логистик марказ қурилиши режалаштирилмоқда. Яна бир логистик марказ Самарқанд туманида қурилишини билдирди Ўроқов.

Top