19:19 / 09.09.2021
22263
“Ҳозирги мактаб таълими мени мутлақо қониқтирмайди” — президент

Кейинги беш йилда боғча, мактаб ва олийгоҳларда қандай ўзгаришлар бўлади? Президент Шавкат Мирзиёев сайлов олдидан, 9 сентябр куни ЎзЛиДеП сьездидаги чиқишида таълим соҳасида кутилаётган асосий янгиликларни санаб ўтди.

Биринчидан, мактабгача таълимдаги қамров даражаси ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга етказилади. Бунинг учун қўшимча равишда, 7 мингдан зиёд янги боғча ташкил этилади.

Шунингдек, 2024 йил якунига қадар 6 ёшли болалар мактабгача тайёрлов тизими билан тўлиқ қамраб олинади. Ана шу тадбирлар ҳисобидан келгуси беш йилда тизимда 45 мингдан ортиқ хотин-қизлар учун қўшимча иш ўринлари яратилади.

Боғча тизими ходимларининг ойлик маошлари ҳам, босқичма-босқич ошириб борилади.

Бундан кўзланган асосий мақсадимиз – етти ёшгача бўлган бирорта ҳам фарзандимиз, мактабга чиққунга қадар эътиборсиз ва билимсиз қолмаслиги керак.

Иккинчидан, мактаб таълими тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб, 2026 йилга қадар амалда жорий этилади.

Ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш борасидаги ишлар давом эттирилади.

Болалар сони ўсиб бораётганини инобатга олиб, янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш, таълим сифатини оширишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастури ишлаб чиқилади.

Очиғи, бу ерда ҳали кўп нарсани айтмаяпман. Агар таълимда энг оғири нима десаларинг, мактаб дейман. Мактаб, мактаб, яна бир марта мактаб!

Мен қишлоқдаги аҳволни ўзим биламан. Ҳозирги мактаб таълими, дарсликлар, мактаблардаги шароитлар мени мутлақо қониқтирмайди. Қани энди иқтисодиётимиз бардавом бўлганда, биринчи навбатда мактабга жуда катта маблағ ташлар эдим. Минг афсус...

Мактаблар бўйича алоҳида дастур чиқади. Агар мактаб мукаммал бўлса, ўқитувчи рози бўлса, мен атганимдек минг долларлик маошга етсак, ўшанда жамиятимиз ўзгаради, ўшанда партиямизнинг ҳам, ҳамма режаларимизнинг ҳам натижалари мутлақо бошқача бўлади. Мен бунга ишонаман.

Шунинг учун келгуси йилларда энг катта ҳаракатимиз – мактаб, мактаб, яна бир марта мактаб. Агар мактабни ривожлантирсак, ҳамма соҳа бўйича ривожланиш бўлади.

Келгуси беш йилда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш учун, мактаблар реконструкция қилинади ва янгидан барпо этилади.

Учинчидан, олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказиш билан бирга, асосий эътибор таълим сифатини оширишга қаратилади.

2026 йилга қадар 10 та олийгоҳ нуфузли халқаро рейтинглар олишга эришади.

Шунингдек, давлат олийгоҳлари босқичма-босқич меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилайди.

Уларнинг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида, ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 25 фоиздан 12 фоизга туширилади, бўшаган маблағлар таълим муассасаларини ривожлантиришга йўналтирилади.

Хусусий олийгоҳларда таълим олаётган талабаларга ҳам, 7 йиллик таълим кредитини олиш тартиби жорий этилади.

Талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун, келгуси беш йилда қарийб 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари барпо этилади.

Олий таълимда сифат ва рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида, 2026 йилгача хусусий олийгоҳлар сони камида 50 тага етказилади.

Замонавий, эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшлар учун имкониятларни янада кенгайтириш мақсадида “Эл-юрт умиди жамғармаси” орқали, уларни нуфузли хорижий олийгоҳлардаги бакалавриат, магистратура ва докторантурага юбориш кўлами 2 мартага оширилади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top