17:39 / 09.09.2021
3432
“Инсайдери кимлигини ҳам биламан” — Эркинжон Турдимов Исмат Хушевнинг танқидлари ҳақида

Шу кунларда Самарқандда АҚШ Глобал медиа агентлиги ташаббуси билан коррупция бўйича журналист суриштируви ва фактчекинг мавзусида тренинг ўтказилмоқда. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов семинар иштирокчилари билан учрашувда журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Канадада яшаётган ўзбекистонлик Исмат Хушев жорий йилнинг феврал ойида “Турдимов мафияси”дан бир шингил” сарлавҳали мақолалар эълон қилганди. Унда Самарқанд вилояти ҳокими тизимли жиноятлар содир этиб келаётгани, вилоятда коррупция авж олгани ҳақида кўплаб важлар келтирилган. Қизиғи, август ойининг бошларида Хушев Самарқандга келди ва вилоят ҳокими ҳудудда катта ўзгаришлар қилаётгани ҳақида қатор хабарлар эълон қилди.

Турдимов Хушевнинг феврал ойида эълон қилган мақолаларида асос йўқ бўлса, нега уни судга бермагани тўғрисидаги саволга жавоб берди.

“Исмат Хушев эълон қилган мақоладан хабар топганимда шифохонада эдим. Мен айтдим, ҳатто уруш вақтидаям душманлар шифохонага бомба отмаган. Айрим одамлар ўша фашистлардан ҳам ўтиб шифохонага бомба отди. Ана шу битта жавобим бўлди, омон бўлсин. Исмат акадан хафа жойим йўқ. Танқид қилаверганлардан хафа бўлаверсам, ҳоким бўлиб нима қиламан?!

Исмат акани судга бериб нима обрў топаман? Мен ўзимга эп билмадим. Судга бошқалар берсин. У кишиниям яхши тарафлари бор. У кишигаям кимдир нотўғри ахборот етказган. Инсайдери аҳмоқроқ одам. Инсайдерининг ким эканини яхши биламан. Раҳбар одам гапнинг кетидан қувиб юриши ҳам яхши эмас аслида”, – деди Турдимов.

Исмат Хушев

Вилоят ҳокими “Тизимли муаммоларни ҳал этишда ОАВга таянасизми?” деган саволга ҳам жавоб берди.

“Одатда эълон қилинган танқидий мақолаларни тўғри қабул қиламиз. Улар ҳақ бўлишса, хатомизни тўғрилаб қўйган вақтимиз бўлган. Асоссиз ёзишса, ўзларига фактлар билан тушунтириб берганмиз. Ўтиш даврида хатолар бўлиб туради, бунинг учун танқид қилинганда раддия билдираверсак, бошимиз танқиддан чиқмай қолади. Нотўғри деб қарши чиқаверадиган бўлсак, катта-катта сайтлар бор, номларини келтирмайман, кейин улар мени уч-тўрт марта қайта-қайта танқид қилишади. Кейин фуқаролар олдида, самарқандликлар олдида, раҳбариятим олдида, депутатлар олдида аҳволим танг бўлиб қолади”, – дея Эркинжон Турдимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top