11:48 / 14.09.2021
9869
МСК Шавкат Мирзиёев, Мақсуда Ворисова ва Баҳром Абдуҳалимовни президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтказди

Бугун, 14 сентябрь куни, Тошкентдаги Симпозиумлар саройида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мажлисда Шавкат Мирзиёев, Мақсуда Ворисова ва Баҳром Абдуҳалимовни Ўзбекистон президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш ҳамда президентлик сайловида хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш каби масалалар кўриб чиқилмоқда.

Тадбирда маълумот берилишича, 9-10 сентябрь кунлари ушбу сиёсий партиялар томонидан керакли ҳужжатлар ва президентликка кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари тақдим этилган. Имзо варақаларининг тўғри тўлдирилгани эса Марказий сайлов комиссияси Экспертлар гуруҳи томонидан текшириб чиқилган. 

«Эксперт гуруҳи аъзолари ҳар бир имзо варақасини визуал ўрганиш жараёнида, уларнинг тўғри тўлдирилганига, тузатишлар киритилганига, ўчириб ёзилган тузатишлар борлигига, турли шахслар томонидан тўлдирилганига, ўхшаш имзолар борлигига, тасдиқланган тузатишлар борлигига ва бошқаларга эътиборини қаратди. 

Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганини текширувчи эксперт гуруҳининг хулосасига асосан тақдим этилган имзо варақалари номзодларни рўйхатга олиш учун етарли миқдорда тўпланган ва қонун талабларига мос келади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мазкур партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, шу жумладан президентликка кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари қонун талабларига мослиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ворисова Мақсуда Азизовна, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимович ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Мирзиёев Шавкат Миромонович Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди», – деди Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев. 

Маълумот учун, сайлов кодексининг 40-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддатда тегишли сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.

Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Унга кўра, сайловда халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ Япония, Грузия, Россия Федерацияси, Татаристон ва Беларус Республикаларидан 6 нафар хорижий кузатувчи рўйхатдан ўтказилди. 

Эслатиб ўтамиз, 11 сентябр куни МСКнинг навбатдаги йиғилишида 5 та масала кўриб чиқилганди. Ундан Алишер Қодировни Ўзбекистон президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш, Нарзулло Обломурадовни Ўзбекистон президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш, Ўзбекистон президентлигига номзоднинг гувоҳномаси тавсифи ва намунасини тасдиқлаш масалалари жой олганди.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top