11:10 / 16.09.2021
2177
Самарқандда савдо дўконидан 5 100 доллар ўғирлаган Эрон фуқаролари қўлга олинди

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган савдо дўконидан 5 100 АҚШ долларини ўғирлаган Эрон фуқаролари бўлган эр-хотин қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 12 сентябрь куни Пайариқ тумани ИИБга 1981 йилда туғилган Б.Ш. ариза билан мурожаат қилган. Мурожаатда айтилишича, 12 сентябрь куни соат 17:00 ларда Б.С. савдо қилиб турган дўконга ташқи кўринишидан хориж фуқароларига ўхшайдиган эркак ва аёл киши келиб, турк тилида гапириб, 100 долларни иккита 50 долларлик купюраларига алмаштириб беришини сўраган. Б.Ш. дўконидаги сейфдан купюраларни уларга олиб бераётган вақтда, эркак сейфдаги 5 100 долларни ўғирлаб, аёл билан бирга чиқиб кетган. Б.Ш. ўз мурожаатида ушбу шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Қайд этилишича, Хавфсиз туризмни таъминлаш ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув натижасида, ушбу жиноятни Эрон Ислом Республикаси фуқаролари 1958 йилда туғилган Р.А. ҳамда унинг турмуш ўртоғи 1980 йилда туғилган С.Д. содир этгани аниқланган. Улар Тошкент шаҳри ҳудудида далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Таъкидланишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top