17:39 / 19.09.2021
15971
2050 йилга бориб 216 миллиондан ортиқ иқлим мигрантлари пайдо бўлиши мумкин – Жаҳон банки

 Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2050 йилга келиб 216 млндан ортиқ одам иқлим ўзгариши сабаб ўз мамлакатларини тарк этиши мумкин. Хусусан, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 5 млн иқлим мигрантлари пайдо бўлиши тахмин қилинмоқда.

Одамлар кўп сабаблар: иқтисодий, ижтимоий, сиёсий омилларга кўра ўзларининг истиқомат қилаётган маконларини ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Ҳозирги кунда эса иқлим ўзгариши сабаб ўз уйларини ташлаб чиқиб кетаётган одамлар сони ортмоқда ва бу тенденция келажакда яна кўпайиши прогноз қилинмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2050 йилга келиб 216 миллиондан ортиқ одам иқлим ўзгариши сабаб ўз мамлакатларини тарк этиши мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу даврга келиб, дунёнинг олти минтақасида, хусусан, Тропик Африкада 86 млн, Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасида 49 млн, Жанубий Осиёда 40 млн, Шимолий Африкада 19 млн, Лотин Америкасида 17 млн ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 5 млн иқлим мигрантлари пайдо бўлиши тахмин қилинмоқда.

Ҳисоботда қайд қилинишича, ички иқлим миграцияси келгуси ўн йилликлар мобайнида ўсиши кутилмоқда. Асрнинг иккинчи ярмида эса бу жараён янада тезлашади. Агар мамлакатлар глобал иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтирмаса ва иқлим ўзгаришининг ҳозирги ва келажакдаги таъсирига етарлича қаршилик кўрсатмаса, 2030 йил бошида мамлакатларда иқлим миграциясининг «қайноқ нуқталари» пайдо бўлади.

«Иқлим ўзгариши, айниқса, сув босимининг ошиши, экин майдонлари ҳосилдорлигининг пасайиши ва бўрон туфайли денгиз сатҳининг кўтарилиши каби таъсирлар натижасида одамларда қийинчилик юзага кела бошлайди ва улар кўчишга мажбур бўлишлари мумкин. Баъзи мамлакатларда 2030 йил бошларида иқлим миграциясининг қайноқ нуқталари пайдо бўлади, улар кейинчалик кучайиб ва кенгайиб бораверади», – дейди ҳисоботларнинг икки муаллифи: Канта Ригауд ва Вивиан Клемент.

Иссиқхоналардан чиқадиган газ чиқиндиларини камайтириш бўйича қилинадиган шошилинч саъй-ҳаракатлар ички иқлим миграциясини 80 фоизга камайтириши мумкин.

Марказий Осиё

Қайд этилишича, Марказий Осиёда мигрантлар оқими Фарғона водийси ва Шимолий Қозоғистонда ортиши мумкин. Бу жараён ушбу ҳудудларда сув ҳажми ва экин ҳосилдорлиги ошиши билан изоҳланган. Шунингдек, Қирғизистоннинг муҳим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган ва тоғли ҳудудларида ҳам сув танқислиги кузатилади.

Минтақада иқлим ўзгариши ва сув ресурсларидан фойдаланиш долзарб аҳамият касб этади. Хусусан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) экспертларининг охирги ҳисоботларига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистонда сув ресурсларидан фойдаланиш даражаси таҳликали нуқтага етган. Жумладан, Ўзбекистон ўз сув захираларининг 169 фоизидан, Туркманистон эса 144 фоизидан фойдаланмоқда.

2018 йилда дунёда чучук сув захираларининг 18,4 фоизидан фойдаланилган. Бироқ айрим ҳудудлар, масалан Марказий Осиёда сув истеъмоли ҳажми дунё бўйича ўртача кўрсаткичлардан ошиб кетган.

Аввалроқ, БМТ мутахассислари 100 дан ортиқ давлатларнинг иқлим ўзгаришлари бўйича режаларини ўрганиб чиқиб, уларнинг аксарияти нотўғри йўналишда кетаётгани ҳақида хулосага келганлиги хабар қилинганди.

Top