23:11 / 22.09.2021
1041
Велосипедлар шаҳарчаси – Зиёвуддин (фоторепортаж)

Бугун, 22 сентябр бутун дунёда автомобилсиз кун эканини шу бугун билдим. Буни қарангки, икки кун олдин Самарқанднинг чеккасидаги бир шаҳарчада бўлиб, одамлар машинасиз юрса ҳам бўларкан-ку, деган мулоҳаза билан қайтгандим.

Пахтачи тумани Самарқанднинг қўшни Навоий билан чегарасида жойлашган. Туман маркази – Зиёвуддин шаҳарчаси. Ихчамгина шаҳарчада одам ҳам кўп эмас, аммо туман маркази учун яхшигина обод қилинган. Маҳаллий одамларнинг айтишича, охирги икки йилда ишлар тезлашган, шаҳарчада «дом»лар қурила бошланган.

Бу мўжаз шаҳарчада бир нарса эътиборни тортади: кўпчилик ишга, ўқишга ёки дўконга велосипедда қатнайди. Шаҳарчада фотоапарат билан кезган бир неча дақиқа ичидаёқ кўплаб пахтачиликлар велосипедда кўчада юрганини кўрдик. Одамларнинг айтишича, эрталаб велосипедлар жуда кўп бўлади. Ҳатто мактабга кўп ҳам болалар велосипедда қатнайди. Бошқа жойларда кам учрайдиган ҳолат шуки, аёллар ҳам велосипедда юришибди.

Одамлар қандайдир ижтимоий лойиҳани қўллаш учун эмас, шунчаки шаҳарча кичик бўлгани, қисқа масофага ҳам йўлкирага харажат қилмаслик учун велосипедда юришади. Бу эса вақт ўтиб одатга айланган.

Зиёвуддинда кўнгилни хира қиладиган ҳолат ҳам кўзга ташланди. Шаҳарча боғидаги катта дарахтлар бир неча йил олдин кесиб ташланган ва боғ ҳувиллаб қолган. Фақат боғ ташқарисидаги арчалар чиройли бўлиб турибди.

Шаҳарчанинг ўз поезд бекати ҳам бор экан ва бу бошқа вилоятга қанташ учун қулайлик туғдиради.

Зиёвуддинда шунақа гаплар. Умид қиламиз, туман ва шаҳар марказларида яшилликлар пайдо қилиш ҳақида топшириқлар бўлаётган бир вақтда тез орада Пахтачининг «велосипедли шаҳарчаси»да ҳам янги истироҳат боғлари пайдо бўлади.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Top