22:47 / 24.09.2021
3178
Бразилия президенти иккинчи муддатга номзодини қўйишни режалаштирмоқда  

Бразилия президенти Жаир Болсонару 2022 йил октябрда ўтадигаан президент сайловларига иккинчи муддатга номзодини қўймоқчи. Сиёсатчи бу ҳақда Veja нашрида чоп этилган интервьюсида маълум қилди. 

Фото: Reuters

“Курашишни режалаштирмоқдаман. Ягона қувончли томони шуки, бу курсини коммунист эгалламаяпти”, деб таъкидлаб ўтган Болсонару ва президент лавозими унга мамнунлик олиб келмаётганини қўшимча қилган.    

Болсонарунинг айтишича, у ҳозирча сайловларда қайси партиядан иштирок этиши борасида бир тўхтамга келмаган. У, шунингдек, ўзига мос вице-президент излашда давом этмоқда. Қонунга кўра, сайловларда президент ва вице-президентликка номзодлар биргаликда иштирок этади.

“У қолган вазифалардан ташқари, овозлар жалб қила олиши керак. Менга бу лавозимга Минас-Жерайс штати ёки шимоли-шарқдан бирор кимни танлаш таклиф қилинмоқда”, деб айтган Болсонару. Унинг фикрича, ҳозирги ўринбосари, истеъфодаги генерал Антониу Гамилтон Моураудан “яхши сенатор чиқиши мумкин”. Бразилия президенти Моурау етарли сиёсий вазнга эга бўлмаса-да, навбатдаги сайловларда ўз ўринбосари сифатида яна уни танлаши мумкинлигини айтган.  

Болсонару 2022 йилги сайловларда собиқ президент Луис Инасиу Лула да Силва президент бўлишга энг кўп имкониятга эгалигини кўрсатаётган тадқиқотларга ишонмаслигини айтган. “Сўровнома бошқа масала, ҳақиқат эса бошқа”, деб таъкидлаб ўтган сиёсатчи.

66 ёшли Болсонару Бразилия президенти лавозимини 2019 йил январдан бери эгаллаб келади. 

Top