12:34 / 26.09.2021
719
Косон туманида тиббий муассасалар раҳбарлари ва мактаб директорлари мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масаласида огоҳлантирилди
Асрол Бойкараев / Фото: Косон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Қашқадарё вилояти Косон туманида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тиббий муассасалар раҳбарлари ва мактаб директорлари огоҳлантирилган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 24 сентябрь куни Косон туман ҳокимлигида мактаблар ва тиббий муассасаларда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича йиғилиш ташкил этилган. Унда Косон тумани ҳокими Асрол Бойкараев ва туман прокурори Фахриддин Жовлиев, шунингдек туман халқ таълими бўлими ва туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари, мактаб директори ҳамда бошқа мутасаддилар қатнашган.

Йиғилишда туман ҳокими ва прокурори томонидан мактаб директорлари ва шифохоналар бош врачлари мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масаласида яна бир бор огоҳлантирилган. Айниқса мактаб директорларига Ўзбекистон қонунларига кўра ўқитувчиларни ва ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш қонун билан тақиқланиши, бу ишга йўл қўйганлар кескин жазоланиши эслатиб ўтилган.

Туман ҳокими айниқса пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги кераклигини айтиб, ҳосил теримчилар томонидан териб олинаётгани ҳақида гапирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил август ойида Косон туман ҳокимининг ёшлар бўйича ўринбосари буйруғи билан ўқитувчилар туманда жойлашган сайлов участкаларини безатиш ишларига жалб қилингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Туман ҳокимлиги муносабат билдириб, сайлов участкаларини безатиш туман ҳокимининг ёшлар бўйича ўринбосари вазифасига кирмаслигини маълум қилганди.

Top