18:00 / 27.09.2021
3143
ERIELL Group: муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиб...

Ўзбекистонда ногиронлиги бор инсонларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Республиканинг барча аҳоли қатламлари ва тоифаларига тенг имкониятларни яратиш мақсадида имкониятлари чекланган инсонларга кўмак бериш тамойиллари ва йўналишлари давлат дастурлари ва ҳаракатлар режаларида мустаҳкамлаб қўйилган. 

Юртимизда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва меъёрлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Конституцияда белгилаб қўйилган фуқаролик, сиёсий, иқтисодий ҳамда бошқа ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш баробарида уларга бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни тақдим этиш ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий ҳимоялаш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Муҳтожларга ғамхўрлик қилиш ва ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон халқига хос анъанавий қадриятлардан. Улар инсонлар юраги, маданияти, дини, ахлоқи ва умуман олганда жамиятда муҳим ўрин эгаллайди. Айнан шу фазилатлар инсон тақдири ва унинг келгуси ҳаётини белгилаб беради.

ERIELL Group ижтимоий масъул компания сифатида муҳтожларга ёрдам бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш йўлида кўплаб саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Компаниялар гуруҳи “Эзгулик улаш” лойиҳаси доирасида уларни қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, мунтазам АPLA жамоатчилик бирлашмаси, Тошкент вилояти ихтисослашган болалар уйи, “Меҳрибонлик” ижтимоий кўмак жамияти, Республика ихтисослашган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази устидан патронажни амалга оширмоқда.

ERIELL Group вакиллари Сергели туманидаги “Меҳрибонлик” ногиронларга ижтимоий кўмак бериш жамиятида бўлиб, у ерда ижтимоий кўмакка муҳтожларга маҳсулотлар солинган саватларни тарқатди. НИКЖ иштирокчилари орасида барча тоифа ва ёшдаги имконияти чекланган одамлар бор. Улар нафақат моддий, балки руҳий кўмакка ҳам муҳтож. Зеро, уларнинг айримлари – тўшакка михланганларининг дунёси тўрт девор билан чекланиб қолади, шунинг учун ҳам меҳмонлар ташрифи улар учун қувончли ҳодиса.

Жамият раиси Гултакин Мамедованинг фаолиятини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ногиронлиги ва аравачага михланиб қолганига қарамай, бу кучли ва олийжаноб аёл “Меҳрибонлик” НИКЖ иштирокчиларига кўмак бериш учун барча ресурсларни ишга солмоқда. У раис сифатидаги фаолиятини 2016 йилда бошлаган. Бу давр ичида Гултакин Жамият янги бинога эга бўлиши, унинг таъмирланиши, унда ходимлар ва ташриф буюрувчилар учун қулай шароитлар яратилишига эришди. Самарали ва фидокорона хизмати учун Гултакин Мамедова 2019 йилда “Жасорат” медали билан тақдирланган.

«Жамиятимиз нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Биз турли компаниялар ёрдами ва ижтимоий манфаатдорлиги туфайли барча тоифалардаги ногиронларга ёрдам берамиз ва уларни қўллаб-қувватлаймиз. Барча ходимлар номидан ERIELL Group'га инсонларга кўрсатилаётган тезкор ва зарур ёрдами учун чин юракдан миннатдорлик изҳор қиламан. Олийжаноб ва эзгу амаллар Яратган томонидан муносиб мукофотланиши ва компания янада гуллаб-яшнашини тилайман», - деди Гултакин Мамедова.

Жамият раиси иштирокчиларнинг кўп сонли мурожаатларига кўра компьютер саводхонлиги курслари ва турли тўгаракларни йўлга қўйишни орзу қилади. Ҳозирча бу фақат режада бор, бироқ Гултакин одамларнинг меҳрибонлиги ва бефарқ эмаслиги туфайли орзуси яқин орада рўёбга чиқишига умид қилади.

ERIELL Group'дагилар ҳар бир эзгу амал инсонлар қалбида албатта акс садо бериши, миннатдорликка сабаб бўлиши ва шу билан бирга, келажакда глобал ишлар учун пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишонадилар. Шунинг учун ҳам компаниялар гуруҳи бундан кейин ҳам эзгу амаллар анъанасини давом эттиради.

ERIELL Group Матбуот хизмати Ⓣ

Top