21:35 / 28.09.2021
3027
Facebook болалар учун Instagram иловасини яратишни тўхтатди

Лойиҳани ишлаб чиқиш ижтимоий тармоқ ўсмир қизлар учун зарарли эканлиги ҳақидаги суриштирувдан сўнг «музлатиб» қўйилган.

Фото: Getty Images

Лойиҳа 13 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун яратилаётган эди. IT-гигантнинг маълум қилишича, лойиҳа устида иш давом эттирилади, бироқ компания аввал ота-оналар, сиёсатдонлар ва назорат қилувчи органларга бу маҳсулотнинг қиммати ва зарурлигини тушунтиришга уриниб кўради.

Компания Wall Street Journal суриштирувидан кейин Instagram Kids’ни ишлаб чиқишни тўхтатди. Нашрнинг мақоласида Instagram ўсмир қизларни ўз жонига қасд қилиш ва депрессив фикрларга ундаши ҳақида гап боради.

Wall Street Journal Facebook ўзининг шуъба ижтимоий тармоғи ўсмирларга салбий таъсир кўрсатиши ҳақида яхши хабардор бўлганини қайд этган. Нашр, шунингдек, компания бу муаммоларни ҳал қилиш учун минимал саъй-ҳаракат қилаётганини таъкидлаган.

Facebook’дагилар WSJ ички тадқиқотлар маълумотларини ноаниқ талқин қилаётганини айтишмоқда. Компания вакиллари муаммо чиндан мавжудлиги, уларни ечиш учун комплекс ёндашув кераклигини ҳам тан олишган.

Бу Facebook иштирокидаги биринчи можаро эмас. Аниқланишича, компания миллионлаб аккаунтларга ижтимоий тармоқ қоидаларига риоя қилмасликка рухсат бериб келади. IT-гигант машҳурлар ва VIP-шахслар киритилган «оқ рўйхат»ни яратган. Уни уларга истисно берувчи махсус тизим мониторинг қилади. Масалан, 2019 йилда бразилиялик футболчи Неймар ўзини номусга тегишда айблаган аёлнинг ялонғоч фотосуратларини эълон қилганди.

Top