18:55 / 30.09.2021
5202
“Иссиқлик электр станциялари” кейинги беш йиллик учун қўйилган вазифалар тақдимотини ўтказди

Бугун Tashkent City Congress Hall саройида “Ўзбекистон: Иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболи” мавзусидаги Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасида “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг сўнгги беш йилда мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасидаги ислоҳотлар, инвестиция дастурлари натижадорлиги, трансформация жараёнлари ва 2022 – 2026 йиллар учун истиқболдаги вазифаларига бағишланган тақдимоти бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз раҳбарининг бевосита саъй-ҳаракатлари билан бугун юртимизда электр энергетикаси соҳасида ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўляпмиз. Биргина мисол, 2016 йилгача янги жорий этилган замонавий ускуналарнинг умумий қуввати соҳада 505 МВт (жами ишлаб чиқариш қувватларининг 5,45 фоизи)ни ташкил этган бўлса, 2017-2021 йилларда амалга оширилган инвестиция лойиҳалари натижасида қўшимча 3 204 МВт янги қувватлар ишга туширилиб энерготежамкор, энг замонавий-энергосамарадор ускуналарнинг умумий қуввати 3 709 МВтга етди ва иссиқлик электр станцияларининг умумий қувватининг 31,7 фоизини ташкил қилмоқда. 

Ўтган беш йил мобайнида Толимаржон, Тошкент, Навоий, Тахиатош станцияларида янги қурилмалар жорий этилди, Сирдарёда блоклар модернизациясининг иккита босқичи якунланиб, якуний ишлар амалга оширилмоқда. Водий аҳолиси фаровонлигини таъминлаш мақсадида Тўрақўрғон станцияси бунёд этилди, Фарғона иссиқлик электр марказида замонавий газ-турбина ускуналари ишга туширилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 4,75 млрд. АҚШ доллари сарфланди. 

Бунинг натижасида, янги қурилмаларда ёқилғи икки баробар кам сарфланиб, натижада маҳсулот таннархи пасайишига эришилмоқда.

Энерготежамкор қурилмалар жорий этилиши натижасида 1,5 трлн сўмга тенг 3,8 млрд кубометр табиий газ иқтисод қилинди.

Шу билан бирга, бугун “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳаётида кечаётган трансформация жараёнлари ва 2022 – 2026 йиллар учун истиқболдаги вазифалар ҳам иштирокчиларга тақдим этилди.

Бу йўналишда “катта тўртлик” аудиторлик компаниялари гуруҳига кирувчи KPMG ва Deloitte халқаро консалтинг компаниялари билан ишлар олиб борилмоқда, ҳамкорлар тақдим этаётган таҳлиллар фаолиятни янги босқичга кўтаришга ёрдам бериши шубҳасиз.

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (МҲХС) жорий этилиши бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиб, 50 га яқин бухгалтерлар учун халқаро тан олинган рейтингларни қўлга киритиш учун ўқув курслари ташкил қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини ва Жамият фаолиятининг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш борасида ҳам чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Айни пайтда, “Cert academy group” томонидан ISO 37001:2016 халқаро стандарти сертификати “Иссиқлик электр станциялар” АЖ марказий аппарати вакилларига топширилди.

 “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси ва рақамли трансформация дастурини самарали ташкил этиш бўйича халқаро ва маҳаллий ҳамкорлар, жумладан “Икс холдинг”,  “Mars Solutions”, “САП СНГ” ва “SAPRUN” компаниялари билан иш олиб борилмоқда.

Тақдимот маросимида ЕТТБ, Mitsubishi Corporation, KPMG каби нуфузли халқаро компаниялар вакиллари иштирок этишди ва мамлакатимизда иссиқлик электр станциялари соҳасини ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати Ⓣ

Top