21:05 / 05.10.2021
4829
Халқаро коинот станциясига тарихда биринчи марта киноижодкорлар йўл олди
Фото: cdn-crimea-news.com

Россиянинг “Союз МС-19” фазовий кемаси тарихда биринчи марта киноижодкорлардан ташкил топган экипаж билан Халқаро коинот станциясига йўл олди. Кемада станцияга “Вызов” (Чақирув) фильми суратга олиш гуруҳи аъзолари: актриса Юлия Пересильд ва режиссёр Клим Шипенко учган.

Уларга фазогир Антон Шкаплеров ҳамроҳлик қилган. Кема Бойқўнғир космодромидан Тошкент вақти билан соат 13:55 да “Союз-2.1а” ракетаси ёрдамида учирилган.

Бадиий фильм кинематография тарихида профессионал актёрлар иштирокида фазода суратга олинган биринчи фильмга айланади.

Бундан ташқари, биринчи марта “Союз” сардори кемани ХКС томон бортмуҳандиссиз олиб борган. Гап шундаки, ҳозирда кема модернизация қилиниб, унда сардорнинг бир ўзи орбитага икки нопрофессионал фазогирни етказиш имкони пайдо бўлган.

Кейинроқ кема ХКСнинг Россияга тегишли сегментидаги “Рассвет” модули билан туташгани маълум қилинган. 

Шипенко ва Пересильд станцияда тарихда фазода суратга олинадиган биринчи бадиий фильм устида ишлар олиб боришади. Фильмда фазогирнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун зудлик билан фазога йўл олишига тўғри келадиган аёл шифокор ҳақида сўз боради. Киноижодкорлар станцияда 12 кун ўтказишлари режалаштирилган. Улар 17 октябрда фазогир Олег Новицкий билан бирга Ерга қайтишади.

Top