14:10 / 08.10.2021
7514
Сурхондарёда мактаб филиали деган эскилик сарқитидан бутунлай халос бўламиз - Шавкат Мирзиёев

Сурхондарёда келгуси беш йилда мактабгача таълим билан қамров даражаси 41 фоиздан 62 фоизга етказилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Бу борада жорий йилда махсус дастур қабул қилинди. Унга мувофиқ, Бандихон, Бойсун, Денов, Музработ, Олтинсой, Сариосиё, Узун, Шеробод, Шўрчи, Қизириқ, Қумқўрғоннинг қишлоқ жойларида янги оилавий боғчаларга зарур жиҳозларни сотиб олиш учун 30 миллион сўмдан субсидия берилмоқда.

Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчаларда, бир нафар тарбияланувчи учун сарфланадиган харажатларнинг 75 фоизи қоплаб берилмоқда. Шу билан бирга, келгуси беш йилда вилоятда 47 та давлат ва хусусий шериклик асосидаги 758 та оилавий боғча очилади, 75 та давлат боғчаси таъмирланади. Ушбу ишларга бюджетдан 700 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қўшимча 30 минг нафар болажонларимизга боғчага бориш имконияти яратилади. 

Келгуси беш йилда мактабларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича янги миллий дастур қабул қилинади. Аввало, мактаблар сиғимини ошириш учун вилоятда 96 минг қўшимча ўқувчи ўрни яратилади. Бунинг учун 21 та янги мактаб ва 358 та мактабларда янги бинолар қурилади, 116 та мактаб мукаммал таъмирланади. Шу орқали Сурхондарёда  мактаб филиали деган эскилик сарқитидан бутунлай халос бўламиз.

Ёшларимиз вақтини самарали ўтказиш учун Сурхондарёдаги мактаблар ўзига хос таълим ва маърифат марказларига айлантирилади. Бу ерда ўқувчилар таълим олиш билан бирга, спорт, мусиқа ва санъат билан шуғулланиши, Ай-Ти технологиялари ва замонавий касбларни, ўрганиши учун барча шароитлар яратилади. Бунинг учун Сурхондарё мактабларида 320 та спорт ва 311 та маърифат заллари бунёд этилади ва тўлиқ жиҳозланади. 389 та компьютер синфхоналари, 741 та технология устахоналари ва 776 та мактаб кутубхоналари жиҳозланади ҳамда замонавий адабиётлар билан таъминланади. Қумқўрғон, Олтинсой, Бандихон туманлари ва Термиз шаҳрида Ай-Ти, математика, кимё-биология фанларига ихтисослашган 19 та мактаб ташкил этилади.

Энг асосий масала - ўқитувчилар сифат таркибини яхшилаш. Шунинг учун вилоятдаги 5 минг нафар ўрта махсус маълумотли муаллимларнинг малака ошириши учун педагогика йўналишида мақсадли қабул квоталари ажратилади. Олий таълим қамрови 25 фоиздан 50 фоизга етказилади. Бунинг учун вилоятда 3 та янги олийгоҳ ташкил этилади”, деди президентликка номзод.

Top